Жисмоний шахслар томонидан товарларни божхона чегараси орқали олиб ўтиш янада соддалаштирилди. Бу ҳақида Давлат божхона қўмитаси матбуот хизмати хабар тарқатди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2018 йил 6 февралдаги қарори билан жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган қуйидаги чекланган меъёрлари тасдиқланди.
Унга кўра:
Ўзбекистон Республикасининг халқаро аэропортлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 2000 (икки минг) АҚШ доллари миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги темир йўл ва дарё ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдорида;
Ўзбекистон Республикаси Давлат чегарасидаги автомобиль йўли (пиёдалар йўли) ўтказиш пунктлари орқали божхона чегарасини кесиб ўтганда – 300 (уч юз) АҚШ доллари миқдорида;
халқаро почта ва курьерлик жўнатмалари орқали жисмоний шахслар манзилига келаётган товарлар учун бир календарь ой мобайнида – 1000 (бир минг) АҚШ доллари миқдори белгиланди.
Жисмоний шахслар томонидан товарларни олиб киришнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган чекланган меъёрлари доирасида товарлар олиб кирилганда уларни ёзма декларациялаш талаб этилмайди.
Шунингдек, жисмоний шахслар 3 000 АҚШ долларигача қийматдаги товарларни божхона декларацияси тақдим этмасдан олиб чиқишлари мумкинлиги белгиланди.
Аммо, айрим турдаги товарлар учун олиб чиқишнинг қуйидаги меъёрлари тасдиқланди:
гуруч – 3 кг.гача, нон маҳсулотлари – 5 кг.гача, гўшт ва гўшт маҳсулотлари – 2 кг.гача, шакар – 2 кг.гача, ўсимлик ёғи – 2 кг.гача, шунингдек янги мева-сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек, қуритилган сабзавот ва мевалар – 40 кг.гача.
Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан айрим турдаги товарларнинг божхона тўловлари ундирилмайдиган олиб кириш меъёрлари ҳам белгиланди. Хусусан:
Алкоголь маҳсулотлари, шу жумладан пиво – 2 литргача, барча турдаги тамаки маҳсулотлари – 10 қутигача, атир ва атирсимон суюқликлар – 3 донагача, қимматбаҳо металл ва қимматбаҳо тошлардан ясалган заргарлик буюмлари – 65 гр.гача.