АҚШнинг собиқ элчиси Жон Ҳербст: “Вашингтон Шавкат Мирзиёев билан яқиндан ишлаши керак”

Сўнгги вақтларда Ўзбекистоннинг ички ва ташқи сиёсатида сезиларли ўзгаришлар рўй берди. Халқаро экспертлар, сиёсатшунослар, таҳлилчилар, Марказий Осиё минтақаси билан қизиқувчи томонлар Ўзбекистонда кечаётган мазкур ўзгаришларни диққат билан кузатиб, олиб борилаётган ислоҳотлар ҳақида ўз хулосаларини баён этмоқда.
Ўзбекистондаги фуқаролик жамияти ва ноҳукумат ташкилотлар фаолияти, таълим соҳасидаги муаммолар, янги қарорлар ҳамда ахборот воситалари, журналистика оламида кузатилаётган ва кузатилмаётган силжишлар ҳақида халқаро миқёсда турли доираларда ташкил этилаётган мулоқотлар сони сўнгги вақтларда бирмунча ортди.
Ана шундай давра суҳбатлари Вашингтонда ҳам ташкил этилиб, мулоқот давомида йирик таҳлил марказлари вакиллари “Ўзбекистонда ислоҳотлар даври энди бошланмоқда”, дея хулоса қилмоқда

Жон Ҳербст (John Herbst), 2000-2003 йилларда АҚШнинг Ўзбекистондаги, 2003-2006 йилларда эса Украинадаги элчиси бўлган. Ҳозирда у Атлантика Кенгашида eтакчи эксперт, истеъфодаги дипломат. Вазифаси Eвроосиёдаги сиёсий динамикани таҳлил қилиш ва АҚШ ҳукуматига маслаҳат бериб туриш. Собиқ иттифоқ бўйича катта тажрибага эга арбоб саналади.

— Ўтган бир йил ичида Тошкент ташлаган қадамларга қараб, бу мамлакатда сиёсий-бизнес элита Президент атрофида бирлашганини кўриш мумкин. Мирзиёевга яккаҳоким деб қарай олмаймиз. Президент қарорларни ўзи билганича қилаётгани йўқ, у уюшган элитага таянмоқда.

Президент халқнинг ишончини қозониш орқали норози томонларни ўзига бўйсундирмоқда. Шу билан Мирзиёев уста сиёсатчи эканини намоён қилмоқда. Айтаётган гаплари, ташлаётган эҳтиёткор қадамлари билан ҳаммани синовдан ўтказмоқда, таваккал ҳам қилаётгани аниқ.

Ўзбекистон Россия ва Хитой билан туташмагани унга устунлик беради. Вашингтон у билан шу боис ҳам яқиндан ишлаши керак. Ва бир нарсани эсда тутиш лозим: Ўзбекистон тобора ўзгариб, эркинлашиб бориши учун ёрдам зарур, лекин демократия ва матбуот эркинлигига эришиш учун ўнлаб йиллар керак бўлади.

Сиёсий менталитет янгиланиши, халқ эркинлик ва қонун устуворлиги деган қадриятларга ўрганиши учун нафақат сабр-қаноат зарур, балки қаттиқ меҳнат ҳам қилиш зарур. Ислоҳотлар фақат Президентга боғлиқ эмас, ўзгариш қилиш фақат унинг қўлида эмас. Лекин давлат раҳбари халқига бу борада етакчилик қилиши зарур.

Манба: “Америка овози” радиоси.

Матн: ЎзА