Ўзбекистонда транзит йўловчиларга 72 соатлик кириш визалари бериш жорий этилади

2018 йил 1 майдан бошлаб транзит бўйича ҳаракатланаётган хорижий йўловчиларга келишлари билан 72 соат муддатга қисқа муддатли кириш визаларини бериш жорий этилади. Бу ҳақида Президентнинг янги “Кириш туризмини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида белгиланган.

Бунда уларда учинчи мамлакатга авиачипта ва виза (зарурат бўлганда) мавжуд бўлиши ҳамда консуллик йиғимларини тўлаш талаби, шунингдек, тасдиқланган туризм дастурлари бўйича танишув турлари учун уларнинг аэропорт чегара ҳудудидан ташқарига қисқа муддатли назорат қилинадиган чиқиши тартиби белгиланади.

Қарорга кўра, туристлар томонидан жамоат жойлари, бино ва иншоотларни фото ва видео суратга олиш ҳеч қандай чекловларсиз амалга оширилади. Рўйхати қонун ҳужжатларига мувофиқ тасдиқланадиган ҳамда барча турдаги суратга олишлар тақиқланганлиги ҳақидаги тегишли кўрсаткичлар ўрнатилган объектлар бундан мустасно.