Марк Цукерберг: “Facebook ва одамлар ўртасидаги ишончга дарз кетди”

Facebook асосчиси Марк Цукерберг Cambridge Analytica команияси сабабли 50 миллион фойдаланувчининг шахсий маълумотлари учинчи шахслар қўлига чиқиб кетгани бўйича сўнгги воқеаларга муносабат билдирди.

Унинг қайд этишича, компания 2014 йилда турли дастурлар орқали фойдаланувчиларнинг дўстлари ҳақида маълумот тўплашни тақиқловчи зарур чораларни кўрган. “Аммо шунингдек, биз муайян хатоларга ҳам йўл қўйдик ва янада кўпроқ чоралар кўришимиз керак эди”, деб ёзади у ўз блогида.

Цукерберг компания томонидан жорий қилинадиган асосий чора-тадбирларни ҳам санаб ўтди. Эндиликда Facebook фойдаланувчи тегишли дастурни уч ой давомида ишлатмаган бўлса, ушбу дастурнинг фойдаланувчи маълумотларидан фойдаланиши тақиқланади. Бундан буёғига дастурлар фойдаланувчининг номи, суратлари ва электрон почта манзилидан фойдаланиш имкониятига эга бўлади. Тегишли постлари ва бошқа шахсий маълумотларидан фойдаланиш учун улар билан шартнома тузиши керак бўлади.

Facebook, шунингдек, 2014 йилга қадар катта ҳажмдаги ахборотни тўплаган бошқа дастурларни ҳам текширади. Агар қайсидир дастур эгалари ушбу текширишга розилик билдирмаса, улар Facebook платформасидан ўчирилади.

Марк Цукербергнинг сўзларига кўра, Facebook онлайн-тест ёрдамида 50 миллион фойдаланувчининг шахсий маълумотларини тўплаган Александр Коган уларни Cambridge Analytica компаниясига берганини 2015 йилда The Guardian газетасида чоп этилган материал орқали билган. Ўшанда Facebook компаниядан барча маълумотларни ўчириб ташлашни ҳамда буни ҳужжат билан тасдиқлашларини талаб қилган. Аммо бугун шу нарса аён бўлаяптики, Cambridge Analytica ушбу маълумотларни ўчирмаган бўлиши мумкин.

“Бу Коган, Cambridge Analytica ва Facebook ўртасидаги ишончнинг дарз кетиши эди. Бу айни пайтда Facebook ва ўз шахсий маълумотларини бизга ишониб топширган ҳамда уни ҳимоя қилишимизни кутган одамлар ўртасидаги ишончнинг ҳам дарз кетишидир. Биз буни тўғрилашимиз керак”, деди Цукерберг.

<iframe src=”https://www.facebook.com/plugins/post.php?href=https%3A%2F%2Fwww.facebook.com%2Fzuck%2Fposts%2F10104712037900071&width=500″ width=”500″ height=”294″ style=”border:none;overflow:hidden” scrolling=”no” frameborder=”0″ allowTransparency=”true”></iframe>