Индиана университети: ўзбек маданиятига бағишланган тадбир

Американинг марказий штатларидан бири Индианада унча катта бўлмаган бир шаҳарча бор. Номи ўзига хос ва мос – Блумингтон, яъни “гуллаб яшнаётган шаҳар”. Ҳақиқатан, шаҳар чиройли: кўм-кўк, қалин ўрмоннинг ўртасида, гулларга бурканган. Ушбу шаҳарда Америкадаги нуфузли илм даргоҳларидан бири, Индиана университети жойлашган. Унда Ўрта Осиёни, жумладан Ўзбекистонни, ўрганишга ихтисослашган махсус кафедра (департамент) мавжуд. Шуни таъкидлаш жоизки, Америкадаги бошқа бирорта университетда бундай махсус департамент йўқ. Талабалар бу ерда Ўрта Осиё тиллари билан бир қаторда, минтақа адабиёти, тарихи, маданияти, сиёсати ва санъатини ўрганадилар. Уларнинг Ўрта Осиёга бўлган қизиқишлари ҳам турлича. Бири дутор чалиб, уйғурча қўшиқ айтса, бири ўзбекча рақсни қойиллатади. Бошқа бири қозоқчада булбулигўё бўлса, яна бирови Чўлпоннинг “Кеча ва кундуз” романини инглизча таржима қилиб, нашрга тайёрлашга бел боғлаган.

Куни кеча университетда ўзбек маданиятига бағишланган тадбир бўлиб ўтди. Уни ташкил қилишда ўзбек тили ўқитувчиси Малик Хўжаев оиласи билан, Фулбрайт грантининг совриндори Алишер Ҳамидов, ҳамда университетдаги ўзбек талабалари ва профессорлари жамиятиининг раиси Умида Ҳикматуллевалар жонбозлик кўрсатишди. Кечани Хўжаев Малик ака Ўзбекистон ва ўзбек тили ҳақидаги махсус тақидимот билан очиб берганларидан сўнг талабалар, ўзбекча шеърлар ўқидилар, қўшиқлар айтдилар ва чиройли рақслар билан кечага завқ бағишладилар. Ўзбекча либослар кийган, бешта талаба жўр бўлиб, “Жийда гуллаганда” қўшиғини шунчалик зўр куйлади-ки, залда ўтирган олтмишга яқин томошабин ҳам ижро давомида, жўшиб, қарсак чалдилар.

Залнинг бир чеккасида, университет кутубхонасидаги Ўзбекистон адабиёти, тарихи ва маданиятига оид китоблар кўргазмаси ҳам ташкил килинди. Шунингдек, “Ўзбекистонни қанчалик биламиз” мавзуида талабалар ўртасида мусобақа, савол-жавоб ўтказилиб, ғолиблар тақдирландилар. Тадбир охирида эса, меҳмонлар мумтоз мусиқа садолари остида палов, сомса, ачиқ-чучук каби уйда тайёрланган тансиқ ўзбек таомларидан ҳузур қилиб. тановул қилдилар.

Ўзбекистонни тарғиб қилишнинг энг самарали воситаларидан бири ҳисобланган бундай тадбирларнинг Ўзбек маданиятини америкаликларга таништириш ва уларнинг Ўзбекистон ҳақидаги тасаввурларини бойитишдаги аҳамияти беқиёсдир.

 

Тадбирдан лавҳалар: