ТИВ: “Толибон” Афғонистон бўйича Тошкент конференциясида иштирок этиш юзасидан сўров юбормади

Reuters агентлиги Ўзбекистон ташқи ишлар вазирлигига мурожаат этиб, Тошкентда ўтиши кутилаётган Афғонистон бўйича конференцияда ушбу мамлакат қуролли мухолифати, жумладан, “Толибон” ҳаракати вакиллари иштирок этиши ёки этмаслиги ҳақида ахборот беришни сўради. Вазирлик бунга расмий жавоб йўллади.

Унда таъкидланишича, ҳаракат вакиллари Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигига бу масалада бевосита ёки Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги орқали мурожаат этмаган.

Тадбирга БМТ бош котиби, БМТнинг Афғонистондаги махсус вакили, Евроиттифоқнинг ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича олий вакили, шунингдек, Хитой, Россия, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Италия, Франция, Туркия, Ҳиндистон, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Саудия Арабистони ва БАА ташқи ишлар вазирлари таклиф этилган. Шунингдек, Қатарга таклиф юборилган.

12 март ҳолатига кўра, форумдаги иштирокини Афғонистон, Ҳиндистон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Россия, Тожикистон, Туркия томонлари, Евроиттифоқ олий вакили ва БМТ махсус вакили тасдиқлаган. АҚШдан бош котибнинг биринчи ўринбосари қатнашади.