Бош вазир ўринбосари: “2012 йилда Женевага борганимизда ҳеч ким биз билан гаплашишни хоҳламаган”

Сайтимизда шу давргача Ўзбекистон ҳукуматидан ҳеч бир расмий вакил “Америка овози” ёки шу сингари хорижий ахборот воситалари билан очиқ ва юзма-юз мулоқот қилмагани, биринчи бор Ўзбекистон республикаси Бош вазири ўринбосари, Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева бугунги демократик ислоҳотларнинг амалдаги намойишини кўрсатган ҳолда хориж ОАВга интервью бергани ҳақида хабар бергандик.

Қуйида “Америка овози” телерадиоси журналисти Навбаҳор Имомованинг Ўзбекистон республикаси Хотин-қизлар қўмитаси раиси Танзила Норбоева билан суҳбатининг тўлиқ баёни эълон қилинган. 

— Танзила Камаловна, сизни Вашингтонда кўриб турганимиздан жудаям мамнунмиз. Америкага сафарингизни Нью-Йоркдан бошладингиз. Бирлашган Миллатлар Ташкилотида ҳозир ҳам давом этаётган аёллар анжуманида Ўзбекистон номидан қатнашдингиз, маъруза қилдингиз. Мана Вашингтонга келиб, кетма-кет учрашувлардасиз. Тафсилотлар, таассуротлар, мақсадлар қандай?

— Ҳақиқатдан ҳозир, Навбаҳорхон, ўзингиз айтиб ўтганингиздек, биз, Ўзбекистон делегацияси, Нью-Йоркда аёллар масаласи бўйича бутун дунё миқёсидаги йирик анжуманда иштирок этяпмиз. Мана шундай анжуманда Ўзбекистон давлатидан аёллар делегациясининг иштирок этиши, нуфузли минбарлардан туриб аёллар масаласида мамлакатимизда берилаётган эътибор тўғрисида айтиб бериш жудаям катта фахр-ифтихор. Чунки, Ўзбекистонда, ўзингиз билиб турибсиз, барча соҳаларда ислоҳотлар кетмоқда. Жумладан, бу ислоҳотлар оила, аёллар масаласига ҳам тааллуқлидир. Шунинг учун таасуротларимиз жуда ҳам юқори.

Ҳамма мамлакатлар ўз юртида бўлаётган муаммолар, уларнинг ечими тўғрисида турли таклифлар билан чиқмоқда. БМТ, албатта, хотин-қизлар масалаларида қабул қилинган конвенцияларнинг давлатлар томонидан бажарилиши ва уларнинг олдида турган муаммолар тўғрида очиқ ойдин муҳокама қилиняпти.

Албатта, Ўзбекистон ўзининг ижобий фаолияти билан биргаликда мана шу борада ўзи учун ҳам қандайдир янги йўналишлар, янги таклифларни ҳам алоҳида масала қилиб белгилаб боряпти. Бу биз учун жуда фойдали. Менинг касбдошим хотин-қизлар масалалари бўйича тадбиркорлар палатаси, ишбилармон аёллар ассоциацияси раҳбари ҳам иштирок этяпти. Мана бугунги кунда мен Вашингтонда бўлсам, у нодавлат ташкилот вакили сифатида Нью-Йоркда форумларда қатнашмоқда. Бизнинг мамлакатимизда, ўзингизга маълум, фуқаролик жамиятига катта эътибор берилган.

Фуқаролик жамиятини ривожлантириш бўйича давлатимизда олиб борилаётган катта сиёсатда уларнинг ҳам фаол иштирокини таъминлаш масаласи бор. Шу боис улар учун ҳам бу мулоқотлар жуда фойдали деб биламан. Ўз ҳамкасбларидан кўп йўналишлар олади,тажрибасидан ўрганади. Бу нафақат Ўзбекистонда олиб борилаётган ишларни намойиш қилиш имконияти, балки у ердан ҳам фойдали йўналишларни олиб, Ўзбекистонда амалиётга тадбиқ қилиш асосий вазифамиз ҳисобланади.

— БМТда сўзлаганингизда Ўзбекистонда хотин-қизларнинг бугунги мақомини қандай тасвирлаб бердингиз?

— Жудаям яхши савол… Мамлакатимизда хотин-қизларга бўлган муносабат ўзгача. Негаки, ҳеч қайси бир мамлакатда хотин-қизлар билан шуғулланадиган ташкилот раҳбарига бош вазир ўринбосари мақоми берилмаган. Ёки бўлмаса энг қуйи бўғингача хотин-қизлар бўйича ишлаётган мутасаддиларга ҳоким ўринбосари деган мақом берилмаган. Мана шу бизнинг мамлакатимизда азалдан аёлга жуда катта эътибор, катта ишонч билдирилганидан далолат…

Давлатимиз ривожланишининг бешта асосий йўналишларига бағишланган стратегия эълон қилинган. Мана шу стратегиянинг ижтимоий соҳаларни ривожлантириш бўлимида хотин-қизлар мақомини кўтариш, уларнинг давлат ва жамият қурилишида иштирокини кўпайтириш, бандлигини, ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалалалари жудаям чиройли акс эттирилган.

Бу стратегия фақатгина қоғозда қолиб кетгани йўқ. 2018 йилда 2 февраль куни давлатимиз раҳбари томонидан чиқарилган махсус фармонни тарихий фармон деган бўлардим, чунки мамалакатимизнинг мустақиллик йилларидаги тарихида хотин-қизларга алоҳида ғамхўрлик кўрсатишга қаратилган бундай фармон ҳали бўлмаганди.

Шунинг учун биз ўзимизнинг маърузамизда мана шу фармонга бўлган эътиборни ҳам, амалиётини ҳам тасвирлаб бердик. Вақт жуда қисқа бўлди, маъруза учун. Ҳамма нарсани гапириб бўлмайди, лекин БМТнинг катта анжумани доирасида ўтказилаётган бошқа йиғилишлар ҳам бор, шуларда ҳам қатнашиб шу масалаларни кенг ёритишга ҳаракат қилдик.

Биринчи навбатда, аёлларимизни фармон доирасида хотин-қизларга катта имкониятлар берилганини, оила институтини ривожлантиришга катта урғу берилганини алоҳида қайд этиб ўтдик. Хотин-қизларимизнинг бугун жамиятимиздаги барча соҳалардаги ривожланиш жараёнида фаол иштироки муҳим. Бугунги кунда мамлакатимизда ҳамма меҳнат қилаётган инсонларнинг сал кам ярмини хотин-қизлар ташкил қилади. Улар бугун нафақат олдинги анъанавий соҳалар, яъни таълим, соғлиқни сақлаш, маданиятда, балки ҳуқуқ, тадбиркорлик сингари соҳаларда ҳам фаолият олиб боради. Улар нафақат қарор қабул қилиш жараёнида, парламент, балки энг қуйи бўғинлардаги корхоналарда ҳам раҳбарлик қилиш, тадбиркорлик субъектларига раҳбарлик қилиши, уларга берилаётган эркинлик, имтиёзлардан фойдаланган ҳолда салоҳиятини чиройли намоён қилмоқда.

Фармонда аниқ вазифалар қўйиб берилган. Биринчи вазифа — хотин-қизларимизнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, ҳамма соҳалардаги фаоллигини таъминлаш. Иккинчидан, оғир шароитдаги аёлларни қўллаб қувватлаш, уларнинг муаммоларини жойига чиққан ҳолда ҳал қилиш. Учинчидан, хотин-қизларимизни ҳуқуқбузарлик, турли жиноий йўлларга киришларининг олдини олиш бўйича профилактика чора-тадбирлари кўриш. Тўртинчидан эса аёлларнинг бандлигини таъминлаш.

Биз БМТдаги чиқишимизда хотин-қизларнинг ҳаётга интеграцияси, иштирокини таъминлаш йўлида олиб борилаётган ишлар, янги йўналишлар ҳақида гапириб бердик.
Хотин-қизлар ўртасида ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш масаласи… Бу борада, айниқса, қизларнинг фаоллиги ошяпти. Бунда 2010-йилда Сан-Францискода жорий қилинган лойиҳа тўғрисида қисқа ахборот бердик. Қизларимиз ҳозир мобил телефонларда иловалар қилиб, улар ўзларини қийнаётган муаммолар ҳақида маслаҳат олади. Бу лойиҳа БМТ Тараққиёт Дастури доирасида амалга оширилмоқда. Ахборот коммуникация технологиялари ҳозир ҳаётимизда жуда муҳим.

— Мана шу саммитда асосан жинсий тенгсизлик ва қишлоқ хотин-қизларининг ҳаётини яхшилаш ҳақида гап кетяпти. Мана сиз расмий позицияни тушунтириб бердингиз, кўрилаётган сиёсий чора-тадбирлар ҳақида гапирдингиз. Лекин реал олиб қарайдиган бўлсак, сиз мамлакатда юрасиз, реал ҳаётни биласиз… Хотин-қизларни сизнинг назарингизда нима кўпроқ қийнайди? Улардан биз сўраганимизда “ёндашув” дейишади. Қўшиласизми, шу фикрга?

— Нимага ёндашув?

— Уларга нисбатан ёндашув, яъни кўплаб хотин-қизлар ўзларини жинсий камситилган деб билишади.

—Қандайдир ҳолатда, улар айрим ҳолатларда тўғри ҳам гапиришади. Чунки, қишлоқдаги аёллар, энг чет маҳаллаларда истиқомат қилаётган аёлларга эътибор бўлмаган десак тўғри бўлади. Тадбирлар ўтказсак, айниқса, ўзимнинг ташкилотимизга нисбатан танқидий ёндашиб келганман, семинарлар, конференциялар, йиғилишлар ўтказсак, қийналган, чет қишлоқлардаги хотин-қизлар қатнаша олмасди, уларга умуман эътибор бўлмасди, йиллар давомида.

Ўтган йили, ўзингизга маълум, муҳтарам Президентимиз томонидан “Халқ билан мулоқот йили” деб эълон қилинган эди. Мана шу халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили доирасида энг чекка қишлоқлардаги опа-сингилларимиз ҳаётидан бохабар бўлиш имкониятига эга бўлдик. Мен ўзим мана шу ташкилот раҳбари сифатида юрагимдан қувониб суюняпманки, пастга тушсак, муаммони ҳал қилиш йўллари кўз олдимизда шунчалик аниқ намоён бўлар экан. Шундан келиб чиққан ҳолда турли стратегия, дастурлар белгилаш мумкин. Уларни қийнаётган муаммоларни ҳисобга олиб…

Авваллари қанақа бўларди? Мен кўп йиллар Вазирлар Маҳкамасида ҳам ишлаганман. Олдинлари давлат дастурларини қиладиган бўлсак, ҳар йилга ном бериш анъанаси бор, 1992 йилдан бошлаб, бу дастурлар кабинетда ёзиларди. Мутахассислар чақириларди-да, у ёки бу вазирликда шакллантириларди. Лекин ҳозир Президент талабларига биноан бирорта дастур бир-бирини қайтармайди. Бирорта бир туманнинг дастури бошқа бир туманнинг дастурига ўхшамайди. Чунки ҳар бир туманда яшаётган аёллар, ёшлар, болаларимизни қийнаётган муайян муаммолари бор. Ўшаларни бартараф қилишга қаратилган. Индивидуал дастурлар бўляпти. Бу нафақат менинг, барча давлат раҳбарияти тизимида ишлаётган ходимларнинг кўзини очди десам муболаға бўлмайди. “Халқ билан мулоқот йили” бир йилда тугаб қолгани йўқ. Бизга ўтган йили Президентимиз шу ёндашувни ўргатдилар. Шу ёндашув асосида ишлаш, дастурлар ёки чоралар кабинетларда ўтириб эмас, балки пастга тушиб, аҳолининг туб қизиқишларини, туб манфаатларини, уларнинг эҳтиёжларини ўрганган ҳолда қилиш керак деган гапни ўргатдилар.

Мана шу энди амалиётга кириб келди. Энди биз бошқача ишлай олмаймиз.

Масалан, ўзим Нью-Йоркка келишдан олдин, фақат туманларда юрдим. Энг оғир туманни оламизда, кўрсаткичлари яхши бўлмаган, ишсизлик муаммолари юқори бўлган ёки инфраструктура, газ-сув муаммолари бўлган жойларга бориб, 10 кун давомида бутун соҳанинг одамлари билан ўша масалаларни ҳал қиламиз, жойида. Дастурлар, давлат бюджетининг маблағини йўналтириш, керак бўлса, давлат раҳбарига ҳар бир жойда бўлаётган вазият етказилади. Давлат раҳбаримиз ҳамма масалаларни ҳал қилиб беряпти.

Ҳозирги айтган гапингизда жон бор. Бу олдинги қарашлар эди. Менимча, бир йилдан бери шу ислоҳотлар менга етиб келмади, оилам манфаат кўрмади дейдиган аёл ёки оила қолмади. Чунки ҳар бирининг оиласида 100 марталаб кириб чиқдим. Эшитаётган бўлсангиз керак узоқда бўлсангиз ҳам, уйма-уй юриш тизими, яъни хонадонларга кириб аҳолининг муаммосини ўрганяпмиз.

Президентимиз давлат раҳбарларига халқ хизматкор эмас, халққа давлат раҳбарлари хизматкор деган шиорни олға сурганлар. Шунинг учун мана шундай опа-сингилларимиз менинг юрагимнинг оғриғи. Масалан бирор аёл қийналадиган, муҳтож бўладиган бўлса, ёмон йўлга кириб кетаётган бўлса, бизнинг келажагимиз, аёлларимиз шаънигаям иснод бўлади.

Ҳозир ҳар бир маҳаллада ҳаётда қийналиб қолган, камситилган, ишсиз ёки турмуш ўртоғи четга чиқиб кетиб боқувчисиз қолган аёллар рўйхати бор. Уларга бириктирилган ходим, мураббийлар бор. Уларга моддий, психологик ёрдамлар кўрсатилиши бутун республикамизда қизғин давом этяпти.

— Ўзингиз айтганингиздек, хотин-қизлар Ўзбекистон жамиятининг ярми. Сиз қилаётган, бошлаган ташаббуслар, чора-тадбирлар уларга етиб бормаган тақдирда улар ўзлари мурожаат қилишлари мумкинми?

— Ҳа, мумкин.

— Сизга ҳозир ташқи дунё, халқаро ҳамжамият, хусусан АҚШ Ўзбекистонда бошланган ислоҳотларни амалга ошираётган етакчи расмийлардан бири сифатида қарайди. Нуфузингиз бу ерда анча баланд. Сиз, биринчидан, Бош вазир ўринбосарисиз ва Хотин-қизлар қўмитасираисисиз. Бундай олиб қараганда, Ўзбекистондаги энг қийин вазифалардан бири сизнинг зиммангизда. Меҳнат шароитини яхшилаш, иш жойларида адолатни таъминлаш, меҳнаткашлар манфаатларини ҳимоя қилиш… Иккинчи жиҳатдан эса Ўзбекистондаги барча сиёсий-ижтимоий жараёнлар чексиз таъсир кўрсатадиган аёллар ҳаётини яхшилаш вазифаси ҳам сизга юкланган. Қандай эплаш мумкин, шунча мураккаб вазифаларни бир пайтда?

— Ҳақиқатдан ҳам Бош вазир ўринбосари деган мақом бекордан бекор берилмаган. Менда иккита йўналиш бор. Хотин-қизлар қўмитаси раиси сифатида оддий аёлларни, оддий ўзбек аёли сифатида ҳимоя қилишим керак. Муаммоларини аниқлаб, Бош вазир ўринбосари сифатида бошқаларнинг эътиборини қаратишим керак.

— Сизда шундай ваколатлар бор, демак?

— Бунга менда ваколат бор. Ҳудди шундай ваколат пастдаги қуйи тизимларимизда ҳам бор, яъни ҳоким ўринбосари, Бош вазир ўринбосари сифатида ҳар қандай вазирликка топшириқ бериш мумкин, хотин-қизлар масалалари бўйича… Мен ўзим тушунаманки, бу жудаям катта масъулиятли юк, энг оғир вазифалардан бири. Ўзбекчасига айтганда, аравамиз жуда оғир. Мана шу аравамизни тортиш учун унинг ғилдираклари соз бўлиши керак-да. Шунинг учун тизимимиздаги ходимларимизнинг малакасини ошириш керак. Аёлларимиз, йигитлар ҳам келаяпти ҳозир, уларни малакали қилиб тайёрлаш масаласи энг асосий вазифалардан бири.

Давлатимиз Марказий Осиёда энг катта давлат – 32 миллиондан ортиб кетдик ҳозир. Ҳақиқатда штатларга 100-200 нафар одам берганда ҳам буни эплаб бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳаммани ишлатиш учун жойлардаги бошланғич ташкилотларимизни кучайтираяпмиз. Яъни, ҳар бир ташкилот, корхона, муассасаларда ўзимизнинг қуйи бўғиндаги бошланғич ташкилотларимиз ҳар бир жамоадаги аёлларнинг аҳволи, саломатлиги, меҳнат шароитлари, маданий дам олишлари, спорт билан шуғулланиши, улар ўртасида тадбирлар, туризм ривожига эътибор бериляпти. Аёлларни, керак бўлса, ташқи давлатларга олиб чиқиб, айлантиш бўйича катта режалар қилиб, уларни амалга оширяпти.

Бизда 48 фоиз меҳнат ресурсларини аёллар ташкил қилади. Ишлаётганларнинг ҳам сал кам ярми аёллар. Шунинг учун меҳнат жамоаларида касаба уюшмаларининг ёрдамига таянамиз. Биласиз, бош келишув бор ҳукумат ўртасида. Иш берувчилар, яъни савдо-саноат палатаси ва касаба уюшмалари ўртасида. Бундан олдинги лавозимда ишлаганимда кўрганман, касаба уюшмаларида шундай бир бош келишув деган ҳужжат бўлмаган экан. Ходимлар номидан касаба уюшмаси ҳукуматга талаблар қўйган. Мана шу бош келишувда акс эттирилган. Ҳукумат буни тан олиб, имзо чекиб берган, қилиб бераман деб. Яъни унда меҳнатга ҳақ тўлаш, меҳнат шароитлари хавфсиз бўлиши, ходимларнинг ижтимоий ҳимояси ва кўп мажбуриятлар ёзилган. Шулар қаторида хотин-қизларнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан таъминланиши ва ҳимоя қилиш масаласини ҳам алоҳида бўлим қилиб, ёзган эканмиз ўшанда. Ва унинг асосида ҳар бир меҳнат жамоасида жамоа шартномалари қабул қилинган. Унда мана шу жамоада ишлаётган аёлларнинг ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан эҳтиёжларини таъминлаш масалалари акс эттирилган.

Иш берувчилар бизнинг мамкалатимизда ушбу мажбуриятларни олади. Яъни аёлларимиз ишлайдиган бўлса, эркакларники билан теппа-тенг ойлик олиши… Бизда бу борада муаммо йўқ. БМТнинг аёллар масаласидаги катта анжуманида эшитяпманки, аёл жинси бўладиган бўлса, унга ойлик масаласида муаммо экан.

— Дунё бўйлаб аёллар эркаклардан 23 фоиз камроқ ойлик олади. Ўзбекистонда бу муаммо эмасми?

— Йўқ, муаммо эмас. Чунки қонунларимизда ҳам, амалиётда ҳам аёл бўладими, эркак бўладими, тенг.

— Демак, Ўзбекистонда тенг меҳнат учун тенг маош кафолатланади?

—Жинсга қараб чеклаш деган нарса йўқ бизда. Умуман бу тушунчанинг ўзи ҳам йўқ. Аёл эркак билан тенг ойлик олади. Керак бўлса, аёлларга кўпроқ тўланади. Турли жамоа шартномалари орқали, қўллаб қувватлаш имтиёзлари кўпроқ аёллар учун. Иккинчи тарафи – аёллар эркаклар билан тенг, ҳар турли позицияларни эгаллайдими йўқми деган саволда муаммо бор. Лекин бу бўйича ҳам давлат раҳбаримиз, анча олдинда қараб, ҳаракат қилган. Масалан, мактабгача таълим вазири аёл киши бўлди. Иқтисодиёт вазиримиз бор эди, аёл киши. У ҳозир Президент офисида ишда. Аёлларимиз мана вазир ўринбосари. Олдинлари бўлмасди. Мана шунақа катта йўналишларга тайинланаётгани истиқболли режалар амалиётга тадбиқ қилинаётганидан далолат.

Ҳамма давлатнинг ҳам ўзига яраша муаммоси бор. Бизнинг мамлакатимизда буни катта муаммо деб айтмаймиз. Бизда Сенатда, қуйи палатада аёлларимиз жуда фаол. Режамиз кейинги сайловларда, сиёсий партиялар билан фаол иш олиб бораяпмиз. Фаол хотин-қизларнинг резервини шакллантириб, аёлларни сайловларга олдинроқ тайёрлаб, яъни эркаклар билан тенг қатнашиб, қонунда белгиланган ҳақиқий 30 фоизни улар ҳам эгалласин, ҳар икки палатада. Шу бўйича тайёргарлик ишлари олиб бояпмиз.

Бир неча йилдан кейин аёлларимиздан вазирлар, вазир ўринбосарлари, йирик компаниялар раҳбарлари чиқсин бемалол. Чунки ўзбек аёлларининг салоҳияти жуда юқори.

— Ҳаракат қилган аёллар ҳокимиятга интилса, дейлик, қарор қилиш лавозимларига интилса, уддасидан чиқади, демоқчимисиз?

— Уддасидан чиқади. Ҳеч қанақа тўсиқ йўқ. Ўзим, масалан, муаммо бўлса очиқ гапираман, тўсиқ йўқ. Фақат аёллар ўзлари Ўзбекистонда эркакка йўл беради. Эркак асосий таянчимиз ҳисобланади. Ўзимнинг фаолиятимда ҳам айтаманки, биз аёлмиз деб аёллигимиз учун шу лавозимда ўтиришимиз шарт эмас. Ҳақиқатдан кучли бўлсак, билимимиз яхши бўлса, турмуш ўртоғимиз розилик бериб, биргаликда оиланинг оғир аравасини бирга тортамиз деб келишиб олсангиз, марҳамат. Лекин эркак йўл бермади деб оиладан воз кечиш ҳам нотўғри бўлса керак.

— Ўзбекистондаги ҳозирги мураккаб жараёнларда аравани аёллар ва эркаклар бирга тортиши керак.

— Албатта, бу жараёнларни эркакларнинг ўзига ташлаб қўйиш нотўғри бўлади. Биз, аёллар, катта лавозимларда албатта ишлаши керак деган фикрдан йироқмиз. Чунки бизда кўпчилик аёлларнинг ўзи ҳам хоҳламайди. Ўзи ҳам уйда ўтириб ёки ўзига яқинроқ иш жойи танлашга ҳаракат қилади.Мен фарзандларимга қарашим керак, оиламнинг тинчини таъминлашим керак, дейди. Биз буни ҳам ҳурмат қиламиз. Бу ҳам аёлнинг ҳуқуқи. Шунинг учун халқаро ташкилотларда аёллар тенг эмас экан, улар бу жойда камроқ экан, деган фикрларга биз мутлақо қўшилмаймиз. Ҳамма давлатда ўзига хос урф-одатлар ва анъаналари бор. Мамлакатимиз аёлларининг қарашларида оила биринчи ўринда туради.

Мана ўзимга, сизнинг ўзингизда ҳам қараб фараз қилиш мумкин, оиламизда шу шароит борки, биз шундай хизмат сафарига ҳам борамиз, юрамиз. Лекин баъзи аёлларнинг бундай шароити бўлмаслиги ҳам мумкин. Аёллар ўзи ҳам шу нарсани хоҳламайди. Шунинг учун уларга ҳам чиройли шароит қилиб беришга ҳаракат қиляпмиз. Уйда касаначилик меҳнатлари бор. Уйда ўтириб тадбиркорлик қилиши мумкин. Яқинроқ жойларда ишга кириб, меҳнат қилсин. Уларнинг қизиқишларига қараб, шароит яратяпмиз.

— Ўзбекистонга хос менталитет ҳақида гапиряпсиз. Бу ерда музокара ва учрашувларда асосий мавзу – Ўзбекистондаги нозик масала – мажбурий меҳнат. Узоқ йиллар давомида Ўзбекистон ҳукуматида бу биз учун табиий ҳол, пахтани ҳашар орқали терамиз, пахтани ҳамма териши керак деган ёндашув бор эди. Лекин ўтган 1-2 йилда бу ёндашув ўзгарди. Сизни тинглайдиган бўлсак, Ўзбекистонда болалар меҳнатига чек қўйилди, лекин мажбурий меҳнатни йўқ қилишга ҳали узоқ меҳнат қилишимиз керак, деб келасиз. Бу ҳақда қандай гаплар эшитяпсиз Вашингтонда, ҳозирги учрашувларда? Умуман, тўсиқлар нима, мажбурий меҳнатдан қутулиш учун?

— Ўзи мамлакатимизга мана шу иккита тамға… Тамға десак тўғри бўлади. Болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат деган муаммо. Бу Халқаро меҳнат ташкилоти томонидан 2008 йилдан бошлаб қўйилган тамға. Июль ойида Халқаро меҳнат ташкилотининг конференциясида қатнашганимизда эсимда… 2012 йилда биринчи марта касаба уюшмалари федерацияси раиси сифатида иштирок қилганман. Ўшанда ҳеч ким биз билан гаплашишни хоҳламаган.

Женева шаҳрида бўлиб ўтган анжуманда фақат Ўзбекистонда болалар меҳнати, Ўзбекистонда гўёки ҳамма мактаб, ташкилотлар ёпилади, ҳамма пахта йиғим-теримига чиқиб кетади деган тассаввур бўлган. Ҳақиқатда бу гапнинг қандайдир қисми тўғри бўлган, улар айтган даражада бўлмаса ҳам. Лекин бизнинг мамлакатимизда пахта етиштириш яккаҳокимлик ҳисобланган, Совет давридан қолиб кетган оғир меросдан бири бўлган. Бирданига бозор иқтисодиётига ўтишда пахта етиштириш механизмига ўтиш ҳам жуда қийин бўлган.

У босқичма-босқич амалга оширилган. Лекин механизация масалалалари ортда қолгани учун, бозор муносабатлари соҳасига яхши ўтолмагани учун ҳам шу муаммолар юзага келган.

2008 йилда Халқаро меҳнат ташкилотининг болалар меҳнатига оид бўлган иккита конвенциясини Ўзбекистон ратификация қилган. Мана шу ратификациядан кейин ҳукуматимиз томонидан қаттиқ ишлар олиб борилди. Ўша пайтларда Шавкат Мирзиёев Бош вазир эдилар. Ўша пайтда у бу масалани ўз бўйнига олиб, Халқаро меҳнат ташкилотини биринчи марта мониторинг қилиш учун Ўзбекистонга киритишга у киши розилик берган. Ўшанда касаба уюшмалари федерацияси раиси сифатида болалар меҳнати бўйича тузилган мувофиқлаштирувчи кенгаш раиси, жамоатчилиги асосида, бўлганман. Ва 17 та вазирлик, идора ташкилотларини бирлаштириб вазиятни ўрганиш, муаммоларни аниқлаб, қандай қилиб болалар меҳнатидан қутулиш кераклигини, Бош вазир раҳбарлигида шу ишларни амалга оширганмиз.

2013 йилда дастлаб иш бошланган бўлса, Халқаро меҳнат ташкилоти 2013 йилдаёқ болалар меҳнати тизимли равишда Ўзбекистонда йўқ деган хулосани берган. Лекин барибир хавф-хатарлар ҳам бор дейилган.

Ҳақиқатдан ҳам бор эди. Уларни бартараф қилиш учун, биринчи навбатда, масалага лоқайд бўлган ҳокимларни ўқитиш масаласи, давлат бошқаруви академиясида ҳокимларни ўқитиш, шу ўқиш тизимига биз, халқаро меҳнат стандартларини қўшиб, уларнинг шу бўйича салоҳиятини оширишга қаратилган ишни бошлаган эдик.

Иккинчидан, ҳамма ходимлар соғлиқни сақлаш, маҳалла тизими ва ҳоказо, малакаларини ошириш институтлари, ўқув курсларида миллий ва халқаро меҳнат стандардларини ўргатиш бўйича дарслар жорий қилдик.

Ўзим ҳам трейнер сифатида уларнинг ўқишида фаоллик кўрсатдим. Касаба уюшмалари, Меҳнат вазирлиги бориб, у ерга ўқитдик. Биринчидан, халқимизнинг салоҳияти ошириш керак эди. Бу бўйича тушунчаси ҳам йўқ эди. Нима энди? Оилада бола кўпку, тераверсин пахтани, онасига қарашаяпти-да, деган тушунча бор эди. Лекин у оғир меҳнат турларига киритилгани тўғрисида ота-оналар билмас эди. Бу оилаларда болаларни уриб ишлатиш эмас, билмаслик туфайли ҳам бўлиши мумкин эди. Лекин бор эди – мактабларда, коллежларда мактаб ўқувчиларини олиб чиқиб кетиш. Бор эди бу нарсалар. Фермерлар масалан бемалол коллеж раҳбарларига мурожаат қилиб, келишиб олиб болаларга тердириши мумкин эди. Лекин 2013-йилда Бош вазиримиз томонидан бу нарсага чек қўйилди. 2014, 2015-йил ва ҳозирги кунга қадар Ўзбекистонда болалар меҳнати қайд этилмайди, йўқ деган хулосани олдик.

— Қайд этилган тақдирда ҳам чора кўрилиши керак, шундайми?

— Қайд этилган тақдирда, давлат шундай яхши тизим жорий қилинганки, улар биринчи навбатда, жойига қайтарилади ва ота-оналарга тушунтириш, дарсдан ўз ихтиёри билан чиқиб кетган бўлса, ўқитувчига чора кўрилади.

БМТда ҳам, айниқса, Вашингтонда бўлаётган учрашувларда, кўп учрашувлар тинмасдан, ҳамма бизни – Ўзбекистонни табриклаяпти. Айнан мана шу икки оғриқли масалаларга Ўзбекистонда чек қўйилгани билан табриклаяпти.

Биринчи навбатда, буларга ижобий таъсир қилган нарса. Муҳтарам Президентимизнинг ўтган йили БМТ юқори минбаридан сўзлаган нутқида тан олинганидан ташқари биз Халқаро меҳнат ташкилоти билан бу борада иш олиб бораяпмиз. Ҳамкорликни давом эттирамиз, деган маънода маърузада айтиб ўтган эдилар. Шу маърузанинг ўзи буларга давлат раҳбари ҳайрихоҳ бўлганидан хурсанд эканини қайд этмоқда. Мажбурий меҳнатни ҳам, БМТга келиб кетганларидан кейин бу масалага жуда қаттиқ топшириқ кетган, яъни давлатимизда бора-бора бу масала кун тартибидан мутлақо чиқиб кетади.

Чунки давлатимизда пахта етиштиришда кластер методига ўтиляпти. Ҳар бир вилоятларда шу йўналишга ўтиляпти, яъни тадбиркорлар экишдан бошлаб то тайёр маҳсулотга келтирганга қадар бу иш билан ўзи шуғулланиши жорий қилиняпти.

— Лекин ўша тадбиркор ҳам мажбурий меҳнатга таяниши мумкин…

— Йўқ, асосийси мажбурий меҳнат мутлақо бўлмайди. Бу ишлар бошланган ҳозир. Навоий вилоятида бўлдим. Уларда ёллаш меҳанизмлари замонавий, жаҳон стандардларига жавоб берадиган, яхши иш ҳақи тўланадиган, меҳнат шароитларлар яхшиланган, яъни ижтимоий ҳимояси таъминланган тизим асосида одамлар ёлланади.

— Демак, пахтани териш учун мавсумий ишчи кучи ёллаш мумкин?

— Албатта. Бизда, масалан, барибир меҳнатга эҳтиёж бор, ишсизлик муаммоси бор. Ўзбекистон учун ишсизлик муаммоси биринчи муаммо. Давлат раҳбари олиб бораётган сиёсат ҳам аввало, аҳолини иш билан таъминлаш масаласи. Шунинг учун бундай мавсумий меҳнатлар бизнинг давлатимиз учун доимий бўлади. Бу пахта терими бўладими, мана ҳозир мева-сабзавотчиликка катта урғу бериляпти, мавсумий иш, албатта, бўлади.

Бизнинг асосий вазифамиз — мавсумий ишчиларни қандай тўғри ёллаш керак? Уларни қандай тўғри ишлатиш керак? Мавсумий ишчиларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг тўлиқ таъминланаётганини белгилаб беришимиз керак. Уларнинг ўзлари ҳам талаб қилишни билиши керак. Масалан, ҳудудларда юрганимда ҳайрон қоламан. Бизда ишсиз одамнинг ўзи йўқ. Ўзбекистонда ҳамма банд, Навбаҳорхон. Лекин қандайдир бир одамга ёлланади-да ишлаверишади. Айниқса, аёлларимиз. Масалан, Риштон туманида бўлганимда, у ерда жудаям чиройли сопол маҳсулотлари ишлаб чиқарилади. Сўрадим, меҳнат дафтарчангиз борми десам, йўқ, норасмий секторларда ишлашади. Норасмий сектор дегани, у ишлаяпти, лекин меҳнат дафтарчаси очилмаган. Шунинг учун иш берувчини ҳам, ходимларнинг ўзини ҳам онгини оширишимиз керак. Мен кимгадир ишга кирдимми, меҳнат дафтарчаси талаб қилишим керак, расмийлаштиришим керак. Давлатимизда бу борада ҳам хусусий тадбиркорлик, кичик бизнеслар ривожланяпти ҳозир, айниқса, оилавий тадбиркорлик.
Расмийлаштириш масаласи ва шу меҳнат стандартларининг ҳар бирини, у оилавий меҳнат бўладими ёки йирик корхона бўладими, ҳаммасида халқаро нормаларга жавоб берадиган стандартларни жорий қилишга тўлиқ эришишимиз керак.

— Энди, танқидий тарафлар бор, биласиз. “Пахта кампанияси” деган халқаро коалиция бор, Ўзбекистонда мажбурий меҳнатга қарши тарғибот олиб бораётган. Инсон ҳуқуқлари ташкилотлари бор, “Human RightsWatch”, масалан. Улар билан алоқадасиз, биламиз буни. Уларга ҳам ҳамкор ёки эҳтимолий ҳамкор сифатида қарайсизми? Тўғри, мана Халқаро меҳнат ташкилоти билан ишлаяпсиз. Лекин бошқалар-чи? Шу пайтгача Ўзбекистон ҳукуматини кескин танқид қилиб, ҳозирда ислоҳотлар бошланганини тан олиб, лекин ўша туб муаммоларни ҳамон олға сураётган томонлар бор.

— Мана шундай халқаро ташкилотлар олдин фақатгина салбий масалаларни айтарди Ўзбекистонга нисбатан. Биз Халқаро менҳат ташкилоти мисолида улар билан ишлаш қандай бўлишини ҳам кўрдик. Масалан, Халқаро меҳнат ташкилоти 2012-йилда Женевага борганимизда ҳеч ким биз билан гаплашишни хоҳламаган, худди биз қандайдир касалланган мамлакатдек… Лекин кейинчалик музокалар олиб бориб, давлатимизга таклиф қилиб, вазиятни кўрсатиб, улар билан бирга мамлакат дастурларини ишлаб чиқиб, уларни ҳам жалб қилиб, уларнинг иштирокини таъминлаганимизда катта бир ижобий натижаларга эришдик.

— Орада ишонч шакллана бошладими?

— Шунинг учун ўйлаймизки, “HumanRights Watch” деймизми ёки пахта коалицияси, кеча улар билан ҳам учрашув ўтди. Улар жудаям ижобий ҳозир. Президентимиз олиб бораётган сиёсатдан ижобий таассуротда эканини ўша ташкилотлар ҳам билдиряпти. Улар ҳам тўғри тушунчаларга эга бўлмагани учун, айрим битта яримта одамларнинг маълумотига асосланган ҳолда бутун давлат тўғрисида хулоса чиқараётганини ўзлари ҳам тан олишяпти, бу нарса бор. Лекин уларнинг гапиниям биз тўғри қабул қилишимиз керак. Бу ташкилотларнинг ҳам қайсидир жиҳатлари тўғри бўлиши мумкин. Улар нотўғри гапираяпти, демайман. Уларни ҳам тўғри қабул қилиб, Ўзбекистонда олиб борилаётган стратегиямиз, устувор йўналишларимиз, дастурларимиз, ҳаракатларимизнинг ҳаммасига биз корректировка киргизиб чораларни белгилашимиз керак.

— Улар мустақил мониторинг бўлсин деган талабни қўяди. Ўзимиз мустақил бориб текшира олайлик, деган талабни қўяди, бунга розимисиз?

— Бизда ҳозир очиқлик-ошкоралик… Кўриб турибсиз, ҳамма томонлама. Ўзимиз ҳар йили ўтказиладиган мониторингимиз, масалан, буни ҳукумат ўтказмайди. Бу мониторинг болалар ва мажбурий меҳнат бўйича ташкил қилинган мувофиқлаштирувчи кенгаш томонидан ташкил қилинади. Бунда касаба уюшмалари, бошқа нодавлат ташкилотлар кенг жалб қилинган. Яъни бу мониторингнинг ўзи мустақил. Жаҳон банки қўшилган бунга. Лекин буларнинг гапи: бошқа одамлар ҳам етказиб турсин бизга. Бунга мен қўшилмайман.

Мониторинг ўрказишнинг ўзи катта бир билим, салоҳият. Унинг ўзининг баҳолаш мезонлари бор. Уни тўғри келган одам бориб олиб, баҳолайман дейдиган бўлса, нотўғри бўлади. Шунинг учун энг нуфузли Халқаро меҳнат ташкилотини биз мана шу соҳадаги ваколатли орган ҳисоблаймиз. Шу ташкилотга ишонамиз. Чунки улар бизга қандай хавф-хатарлар борлигини кўрсатиб беряпти. Уларни бартараф қилиш учун тегишли чоралар белгилаяпти. Охирги 3-4 йилда мажбурий меҳнат хавф-хатари камайиб бормоқда. Ўзбекистонда мажбурий меҳнат йўқ деган хулосани Халқаро меҳнат ташкилоти ҳам 2-3 йилдан бери беряпти. Бу, биринчидан,

Президентимизнинг олиб бораётган катта қишлоқ хўжалиги, иқтисодиёт соҳасидаги ислоҳотлари натижаси деб биламиз. Иккинчидан, нодавлат секторларнинг ҳам ҳукуматга бераётган ёрдами деб ҳисоблаймиз. Учинчидан, Халқаро меҳнат ташкилотининг ҳам иштироки борлигини биз тан оламиз.
Шунинг учун мана шу ташкилотлар агар бизга тўғри йўналиш берса, тўғри ҳамкорлик қилса, биз қабул қиламиз. “Human Rights Watch” Ўзбекистонга бориб юрибди. Улар билан биз жуда кўп мулоқот қиляпмиз. Уларнинг гаплари бўйича бирга ишлаш тарафдоримиз. “Cotton Campaign” (Пахта кампанияси) ҳам келмоқчи бўляпти, марҳамат, келсин. Ўзбекистондаги вазиятни кўрсатамиз. Асосли таклифлар бўладиган бўлса, қабул қиламиз ва биргалашиб амалиётга жорий қиламиз.

— Муҳими, ҳамкорликка очиқсиз?

— Муҳими, ҳамма ташкилотларнинг фикрини ҳурмат қилиш ва ижобий қараш керак. Лекин бу фикрлар ўринлими йўқми, музокаралар давомида аниқлаш мумкин. Улар ҳам буни тўғри тушунишади.

— “Пахта кампанияси” ташқи босим эди Ўзбекистонга нисбатан. Улар ўзларининг фаолиятини таҳлил қилганида Ўзбекистондаги жараёнларга қараб бизнинг фаолиятимиз фойда берди, биз таъсир кўрсата олдик дейишса, сиз нима дейсиз?

— Йўқ, бу нарсага қўшилмайман. Чунки Ўзбекистонда олдинлари ҳам танқид бўлган, лекин Ўзбекистонда ҳайрихоҳлик, саъй-ҳаракат бўлмаса, ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Шунинг учун буни, биринчи навбатда, давлатимизнинг сиёсати деб биламиз. Қадамма-қадам шу масалаларни ҳал қилишга қаратилган. Булар бизнинг асосий ҳамкорларимиз, иштирокчи сифатида биз билан биргаликда эришган муваффақияти деб биламиз. Лекин улар ўзи бориб, бир нарсани тўғрилай олмайди. Ўзбекистон ҳукумати ёки давлат раҳбарининг ҳайрихоҳлигисиз ҳеч нарсага эришолмайди. Биринчи навбатда, бу – Ўзбекистоннинг муваффақияти, давлат раҳбарининг катта бир эришган натижаси. Лекин буларнинг иштирокини, албатта, тан оламиз.

— 8 март куни муносабати билан Президент Шавкат Мирзиёевни тинглаганимизда бир нарса ўзгарганини кўрдик. Одатда нафосат, гўзаллик байрами сифатида нишонланиб келинган байрамда бу сафар Президент ижтимоий-сиёсий маъруза қилди. Яъни, Ўзбекистон хотин-қизларининг жамиятдаги ўрни нақадар сиёсий-ижтимоий аҳамиятга эга эканига урғу берилди. Сиз учун ҳам бу ўзгаришми? Сиз мана системада ишлаб юрган аёлсиз, шу пайтгача ҳукуматнинг муносабати қандай бўлган? Аёлларнинг иқтисодий ҳиссасини тан олиш… Бу ўзгаришми?

— Албатта, чунки аёлларни иқтисодий ҳиссасини тан олиш. Биринчидан, аёлларсиз ижтимоий-иқтисодий ривожланиш бўлмаслигини яна бир бор эътироф этиш… Муҳтарам Президентимиз ўзи лавозимига киришганидан бошлаб бу нарсани эътироф қилиб келадилар. Ҳар бир ҳудудга борганимизда маърузалар бўлади. Биласиз, давлат раҳбарининг иши кўп. Ташқи сиёсат, ички сиёсат. Лекин шуларнинг ичидан алоҳида бир йўналиш қилиб, хотин-қизларнинг масаласи, албатта, айтиб ўтилади. Сиз ташқи дунёда, четда юрган бўлсангиз ҳам интернет орқали танишишингиз мумкин, бизнинг ташкилотга нисбатан танқидий фикрларни ҳамма жойда айтадилар. Бу жудаям ўринли танқидлар чунки фаолиятимизда фақат фаол аёллар билан ишлаб ўрганган эдик.

Биринчидан 8 март арафасидаги маърузалари барча аёллар юрагида ғурурни оширди. Фақатгина сиз зўрсиз, сиз онасиз, чиройлисиз деб ўтиб кетиш бўлмади, эътироф билан биргаликда масала ҳам қўйиб кетилди. Аёлларнинг иштироки муҳим эканлиги қайд этилди.

Олдинлари фақат 8-мартда бир кун аёллигини ҳис қиларди. Ҳозир йил давомида аёлларга эътиборни ҳар бир аёл ҳис қилади. Ҳар қаерга бормайлик, Президент ўзлари аёллар билан учрашяптилар. Оилаларга кириб, онахонларимиз, ёш келинлар билан, қизларимиз билан суҳбатлашиб, уларнинг аҳволига ўзлари ҳам қизиқяптилар. Бу жараён тарихда ҳали бўлмаган. Халқ ижобий қабул қиляпти. Энг кўп қўллаб қувватлаётган аёллар бўляпти.

“Зулфия“ номидаги давлат мукофоти 14 нафаргина қизга бериларди. Ҳозир қизларимизнинг жамиятдаги иштирокини, нуфузини ошириш учун бу йил икки бараварга кўтариб бердилар. 28 нафарига ўз қўллари билан 8-март байрамига бағишланган тантанада шу кўкрак нишонини тақиб қўйдилар.

Ўзбекистон тарихида бўлмаган 38 нафар аёлларимизга юксак давлат мукофотларини ўзлари тақдирладилар, байрам муносабати билан. Ўша фармонда “Мўътабар аёл” кўкрак нишони таъсис қилинди.

Жамиятда фаол иштирок қилаётган, нафақат ишлаётган, оилапарвар, ишламасдан фарзандларини чиройли қилиб жамиятга етказиб берган аёллар ҳам бундан кейин тақдирланади.

Боғчалар бўйича қарорларни ҳам қаранг, ҳамма ҳаракатлар аёлларга. Бизда 2-3 та туққандан кейин, болаларга қарайман дейди; энг ишлайдиган, билимли, касб кўникмалари авжида пайтида фарзанд тарбияси билан бўлиб қолади. 30-35 ёшгача болаларига қараб қолади. Кўникмалари йўқолади, замон ўзгаряпти, ҳаммаси эсидан чиқиб қолади. Боғчаларни ривожлантириш ҳам аёллар учун.

Уй-жой дастурлари ҳам, ипотека кредитлари берилиши… Қийналаётганларга давлат бюджетлари ажратиляпти. 4-5 оила битта том остида яшайди. Хоҳлаймизми йўқми овсинлар ўртасида жанжаллар чиқади. Мана шу уйлар оилавий ажримларнинг олдини олишга хизмат қилади. Ҳар бир оила мустаҳкам яшасин, ўз даромадини топишни ўргансин, ота-онасининг қарамоғида яшамасин, ўзиям ҳаёт кечиришга ўргансин деган ғоялар ётибди бунинг тагида. Бундан аёлларимиз жудаям миннатдор бўлишяпти.

— Уй-жой таъминоти ҳақиқатда оғир масала. Бу сир эмас. Бу қарорлар аёллар ҳаётини яхшилаш учун қилиняпти деяпсиз, шу қарорларни қабул қилишда аёллар билан қанчалик маслаҳатлашиляпти?

— Бунда, албатта, кабинетга чақириб маслаҳатлашиш керак эмас. Биз пастга тушаяпмиз, ҳар бир ҳудудда гуруҳлар ишлайди. Улар эҳтиёжларни аниқлаяпти. Қайси ҳудудда уй-жойга муҳтожлик бор, айниқса, ногиронларнинг қанчаси уй-жой билан таъминланган. Шуларнинг асосида дастурлар шаклланади. Маслаҳатлашув, албатта бор. Халқ билан мулоқот асосида маслаҳатлар бўляпти, кабинетларда эмас.

— Сиз одатда катта йиғилишлардаги ёлғиз аёлсиз. Давлат хавфсизлиги бўйича мажлисда шуни кўрдим. Эркаклар билан ишлашни қандай тасвирлаб берган бўлардингиз? Ўзбекистонга ҳали ҳам эркаклар бошқарадиган давлат деб қараймиз. Эркаклар салтанати! Сиздек аёллардан нималарни ўрганиш керак?

— Биринчидан, Ўзбекистондаги аёллар ўзи ҳаммаси фидойи. Лекин у ёки бу сабабга кўра, оилавий сабабми ёки ўзининг йўлини билмаган, қандай қилиб кесиб чиқиш керак, шу сабабли менинг қаторимда шундай аёллар йўқ. Лекин биламанки, салоҳиятли аёллар кўп. Мендан ҳам ўсиб кетган аёллар кўп. Лекин уларда шароит бўлмаганки, менинг сафимга қўшилишга. Қўмитанинг раиси сифатида менинг энг асосий вазифам – шу аёлларга туртки бериб, таянч бўлиб, мана шу сафларга қўшиш. Вашингтон, Нью-Йоркда ҳам кўряпман, асосан аёллар билан учрашяпман. Бу ер эркаклар салтанати эмас, аёллар салтанати. Жараёнларни аёллар бошқараётганини кўряпман. Жинсга қараб эмас, ҳақиқий салоҳиятли инсон бўлса, шу жойларда ўтиради.

— Сиз учун ноқулай эмас, демак, 20 эркак билан ишлаш, улар билан бир мажлисда ўтириш… Уларга ўз фикрингизни айта оласиз ва улар сизни жиддий қабул қилиб, эшитади?

— Қийин эмас. Чунки эшитишади ва ҳурмат билан эшитишади. Ҳокимлар деймизми, опа деб эътибор билан ҳурмат қилишади. Саволларимга жавоб беришганида онага, опага, сингилга бўлган муносабатни ҳис қиламан. Нафақат мен, бошқа аёлларимиз ҳам шу ҳурматни ҳис қилишади. Эркакларимиз ҳақиқатдан эркаклар салтанатини ғурур билан олиб кетишяпти десам муболаға бўлмайди.

— Катта раҳмат, мулоқот учун!

— Сизга ҳам раҳмат!

Суҳбат amerikaovozi.com, матн: ЎзА