Тожикистон ва Ўзбекистон ўртасидаги фуқароларнинг 30 кун визасиз борди-келдиси тўғрисидаги битим қачон кучга киради?

2018 йилнинг 9-10 март кунлари Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Тожикистон Республикасига ташрифи доирасида фуқароларнинг ўзаро келиб кетишлари тўғрисида ҳукуматлараро битим имзоланди. Унга кўра икки давлат фуқаролари 30 кунгача визасиз ўзаро сафар қилишлари мумкин.

Оммавий ахборот воситаларида ушбу Битимнинг амал қилиши бошлангани тўғрисида маълумот тарқалгани ва давлат чегарасидаги ўтказиш пунктларида фуқаролар учун ноқулайликлар пайдо бўлишини олдини олиш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу Битимнинг қўлланиши учун томонларнинг ички тартиб-қоидалари (тасдиқлаш / ратификация қилиш) якунланиши кераклигини маълум қилади.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги Тожикистон томони билан биргаликда тегишли тартибларни тезда жорий этиш учун барча саъй-ҳаракатларни амалга оширади, дейилади вазирликнинг сайтида.

Шартнома кучга кириш санаси қўшимча равишда эълон қилинади.