Ўзбекистон Туркий тилдаги давлатлар йиғилиши кенгашида иштирок этади

Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўған давлат ташрифи билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.

Кўксарой қароргоҳида Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғонни расмий кутиб олиш маросими бўлди. Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Шавкат Мирзиёев ва Режеп Таййип Эрдўғон шоҳсупага кўтарилдилар. Ўзбекистон ва Туркия давлат мадҳиялари янгради. Президентлар фахрий қоровул сафи олдидан ўтдилар.

Сўнг асосий музокаралар бошланди.

Ота юртга ташриф

Азалий қадриятларимизга асосланган кўп қиррали муносабатлар сифат жиҳатидан мутлақо янги босқичга кўтарилаётгани бизни қувонтиради, деди Шавкат Мирзиёев. Тор доирадаги мулоқотимиз мамлакатларимиз ўртасидаги ҳамкорликни ривожлантириш учун катта сиёсий ирода мавжуд эканини яна бир бор тасдиқлади. Халқларимиз ва давлатларимиз манфаатига бевосита дахлдор бўлган барча масалаларни, нафақат бугунги кундаги, балки келгусидаги режаларимизни очиқ ва атрофлича келишиб олдик.

Қадим тупроқларимиз бўлмиш Ўзбекистонга келганимдан, азиз қардошим Шавкат Мирзиёев билан яна кўришганимдан мамнун бўлдим, деди Режеп Таййип Эрдўған. Кейинги йиллардаги мулоқотларимиздан сўнг иқтисодий алоқалардаги кўрсаткичлар ошгани биз тўғри йўлда эканимиздан далолатдир. Натижалар яққол сезиляпти. Туркиялик иш одамлари Ўзбекистонга интиляпти. Ўзбекистонда Туркия фирма ва компаниялари учун, сайёҳлар ҳаракати учун кенг имкониятлар яратиляпти.

Ўзаро савдо айланмаси 5 миллиардга чиқарилади

Президент матбуот хизматининг ёзишича, Шавкат Мирзиёевнинг ўтган йили октябрь ойида Туркияга амалга оширган давлат ташрифи тарихий аҳамиятга эга бўлди.  2017 йилда мамлакатларимиз ўртасидаги товар айирбошлаш ҳажми 30 фоизга ортди. Жорий йилнинг биринчи чорагида бу кўрсаткич яна 20 фоизга ўсди.

Музокарада яқин йилларда савдо айланмасини 5 миллиард долларга етказиш учун барча имконият мавжудлиги таъкидланди. Томонлар ҳамкорлик учун истиқболли тармоқлар ва лойиҳаларни илгари сурди.

Ўзбекистон Туркия бозорига енгил саноат, кимё, металлургия, машинасозлик, электротехника, чарм-пойабзал ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорт қилишни кенгайтиришга тайёр. Бу борада Истанбул шаҳрида таъсис этилган Ўзбек-Турк савдо уйи имкониятларидан кенг фойдаланиш мумкин.

Транспорт коммуникациялари ва транзит соҳасидаги ҳамкорликни мустаҳкамлашга ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Баку – Тбилиси – Карс темир йўли савдо алоқалари учун улкан имкониятлар яратиши қайд этилди. Шу жиҳатдан транзит тарифларини янада мақбуллаштириш муҳимлиги таъкидланди.

Музокарада инвестициявий ва молиявий-техник ҳамкорликни мустаҳкамлаш, туризм, соғлиқни сақлаш, маданият ва бошқа соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш масалалари муҳокама қилинди.

Икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик шериклик олий кенгаши тузилади.

Музокаралар халқларимиз ўртасидаги азалий дўстлик ва қардошлик анъаналарига мос ҳолда, очиқ, сермазмун ва самарали бўлди. Ҳамкорлигимизнинг бугунги ҳолати холисона баҳоланиб, унинг устувор йўналишлари ва истиқболдаги вазифалари аниқ белгилаб олинди. Икки давлат раҳбарлари раислигида Стратегик шериклик олий кенгаши тузиш бўйича келишувга эришилди, деди давлат раҳбари.

Минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ва Ислом ҳамкорлик ташкилоти доирасидаги алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича томонларнинг ёндашувлари ўхшаш ва муштарак экани таъкидланди.

Биз Туркия Республикасига улкан сиёсий, иқтисодий ва ҳарбий салоҳиятга эга бўлган, халқаро майдонда обрў-эътибори тобора ортиб бораётган йирик давлат сифатида қараймиз. Ота юртингиз – Ўзбекистоннинг эшиклари сизлар каби яқин қардошларимиз учун доимо очиқ, деди Шавкат Мирзиёев.

Режеп Таййип Эрдоған музокаралар ўзаро англашув, манфаатдорлик ва ишонч асосида ўтганини, Туркия ва Ўзбекистон ҳамкорлиги янада мустаҳкамланиб, стратегик даражага кўтарилганини таъкидлади. Кўлами ва аҳамияти катта бўлган келишувларга эришилганидан, эртага Бухородаги муборак қадамжоларни зиёрат қилажагидан бахтиёр эканини билдирди.

Кўксаройда ўтган самарали музокаралар якунида икки томонлама ҳужжатларни имзолаш маросими бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Режеп Таййип Эрдоған Ўзбекистон билан Туркия ўртасидаги стратегик ҳамкорликни янги босқичга кўтаришга қаратилган Қўшма баёнотни имзоладилар.

Икки мамлакат ҳукуматлари, вазирлик ва идоралари ўртасида иқтисодиёт, савдо-сотиқ, транспорт-логистика, саноат, энергетика, илм-фан, таълим, туризм ва бошқа соҳаларга доир 24 та ҳужжат имзоланди.

Бундан ташқари, Тошкентда бўлиб ўтаётган Ўзбекистон – Туркия бизнес-форумида 50 дан ортиқ янги инвестициявий лойиҳалар бўйича умумий қиймати 3 миллиард долларга тенг битимлар имзоланиши кутилмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг айтишича, Туркия фуқаролари учун визалар бекор қилингани туризм ривожига катта туртки берди.

«Визани бекор қилганимиз туризмга катта туртки берди. Эндиликда, катта меҳмонхоналар қуришимиз, инфратузилмани ривожлантиришимиз лозим. Туркия бу соҳада катта тажрибага эга, унинг бу тажрибасидан унумли фойдаланиш бўйича йўл харитасига қўл қўйдик. Зиёрат туризми бўйича имкониятлардан фойдаланиш бўйича ҳам тегишли шартномалар имзоланди», – деди президент.

«Президент Эрдўған Туркий тилдаги давлатлар йиғилиши кенгашининг Туркиядаги офисида фақат Ўзбекистон байроғи етишмаётгани ҳақида айтди. Бугун байроғимиз ҳилпираб туриши бўйича ҳам ижобий натижага эришдик. Туркий тилдаги давлатлар йиғилишининг навбатдаги саммитда Бишкекда бўлиб ўтади, Ўзбекистон ҳам унда қатнашади», – деди Шавкат Мирзиёев.