Ўзбекистонда фирибгарлар бухороликни 500 минг долларга тушириб кетишди

Шу йилнинг 14 апрель куни Бухоро вилоятининг Когон шаҳрида фуқаро А.Ўлжаев ИИБга мурожаат қилиб, номаълум шахслар ундан 500 минг. АҚШ долларини товламачилик йўли билан олиб воқеа жойидан яширинганликлари маълум қилган.

Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бошқармаси хабар беришича, шу йил 13 апрель соат 21.30 ларда номаълум шахслар давлат рақами аниқланмаган “Ласетти” русумли автомашинада А. Ўлжаевнинг уйига келиб, ўзларини ДХХ махсус хизмати ходимлари деб таништириб, улардан бири хизмат гувоҳномасини кўрсатиб, унга нисбатан Тошкент шаҳрида жиноят иши қўзғатилганлиги ва тергов ҳаракатларини ўтказиш учун уни Тошкент шаҳрига олиб бориш кераклигини айтиб қўрқитади. Унга нисбатан тазйиқ ўтказмаслик ҳамда ишни ижобий томонга ҳал қилиб беришлик эвазига 1.000.000 АҚШ доллари беришлигини талаб қилишади ва ундан 500 минг доллар ундиришади.

Кўрилган чоралар натижасида ушбу жиноятни Бухоро ва Самарқанд вилоятларида истиқомат қиладиган олти киши содир этгани маълум бўлади. Уларнинг икки нафар — Б.Қосимов ва П.Гулямовлар ушланган, С.Маҳмудов, М.Юсупов ва А.Мамедовлар эса Россия Федерацияси Татаристон Республикаси Казан шаҳрида қўлга олинган.