Ўзбекистон ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга кўмаклашувчи компьютер ўйинларини яратишни кўзламоқда

Ўзбекистон Беларуснинг «Wargaming» компанияси ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга кўмаклашувчи компьютер ўйинларини ривожлантириш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятларини кўриб чиқмоқда.

Ўзбекистон Республикаси ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев дунёга машҳур «World of Tanks», «World of Warplanes», «World of Warships» компютер ўйинларини тақдим этган «Wargaming» компанияси (Беларусь) вакиллари билан учрашди.

Вазирлик ахборот хизмати хабар беришича, учрашувда меҳмонлар Ўзбекистон томонини «Wargaming» компаниясининг бутун дунё бўйлаб компютер ўйинларини муваффақиятли тарғиб қилиш тажрибаси билан таништиришди. Шунингдек, ёшларни ватанпарварлик руҳида тарбиялашга кўмаклашувчи компьютер ўйинларини ривожлантириш соҳасида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш имкониятлари муҳокама қилинди.

Бундан ташқари, ташриф доирасида «Ўзбектелеком» АК ва «Mirzo Ulugbek Innovation Center» марказида «Wargaming» компаниясининг ахборот технологиялари ва коммуникацияларни ривожлантиришга қаратилган компютер ўйинлари соҳасидаги тажрибаси билан маҳаллий дастурчиларни таништириш мақсадида қатор учрашувлар ўтказилиши режалаштирилган.

Маълумот учун: «Wargaming» компанияси — «free-to-play MMO» бозоридаги дунёнинг йирик ишлаб чиқарувчиларидан бири ҳисобланади. Компания 1998 йилда ташкил этилган ва шу вақт ичида 15дан ортиқ лойиҳани ишлаб чиқарган ва тақдим этган.