Ўзбекистон кибержиноятчиликка қарши курашиш АҚШ Ички хавфсизлик департаменти Махфий хизмати билан ҳамкорлик қилади

Ўзбекистон Республикаси Президентининг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида Бош прокурор О.Муродов томонидан АҚШнинг айрим ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларида учрашувлар ўтказилди.

Хусусан, Адлия департаментида АҚШ Бош прокурори ёрдамчиси Б.Шварц билан бўлиб ўтган учрашувда жиноятчиликка қарши кураш ва тергов борасида ўзаро ёрдам кўрсатиш соҳасида хамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Департамент вакилларига Ўзбекистонда амалга оширилаётган суд-хуқуқ ислоҳотлари, 5 йиллик ривожланиш Стратегияси, нисбатан қисқа давр ичида эришилган жиддий ютуқлар тўғрисида маълумот берилди.

Америка тарафи томонидан янгиланишларга ижобий баҳо берилиб, АҚШ Адлия Департаменти ва Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси олдига қўйилган умумий вазифаларни инобатга олган ҳолда ўзаро хамкорликни мустаҳкамлаш зарурати ва бунга қатъий тайёргарлик ифода этилди.

Адлия Департаментининг OPDAT ва ICITAP дастурлари доирасида жиноий таъқиб ва кадрларни ўқитиш соҳасида салоҳиятни ошириш юзасидан кўмак кўрсатишга оид ўзаро хамкорлик масалалари муҳокама қилинди.

Президентнинг Blair House (Блэйр Хаус) қароргоҳида Федерал Тергов Бюросининг мутасадди вакиллари иштирокида Бош прокуратура ва ФТБ ўртасида имзоланган ўзаро англашув Меморандумини (Вашингтон, 04.12.2017 й.) амалга ошириш юзасидан Дастур (“Йўл харитаси”) имзолаш маросими бўлиб ўтди.

АҚШ Ички хавфсизлик департаменти Махфий хизмати маъсул ходимлари билан учрашувда ўсиб бораётган таҳдид ва мазкур турдаги жиноятларнинг трансмиллий хусусиятини инобатга олган ҳолда валютага оид жиноятлар, қалбаки пул белгилари ва бошқа тўлов воситаларини тайёрлаш ва улардан фойдаланиш ҳамда кибержиноятчиликка қарши курашиш масалалари муҳокама қилинди.

2018 йил 15 мартда Тошкентда Бош прокуратура ҳузуридаги Солиқ, валютага оид жиноятларга ва жиноий даромадларни легаллаштиришга қарши курашиш департаменти ҳамда Махфий хизмат ўртасида имзоланган ўзаро англашув Меморандумининг ижросини амалда таъминлаш бўйича вазифалар белгилаб олинди.