Нью-Йорк бомжлари ҳақида

«За бугром» — русийзабон Телеграмнинг энг оммабоп каналларидан. Америкадаги (асосан Нью-Йоркдаги) ҳаётнинг ўзига хосликлари ҳақида ёзади. Ҳазил-мутойиба аралаштириб. Яқинда шаҳар уйсизлари ҳақида бир яхши пост қолдирди — унда таърифи келтирилган баъзи жиҳатларни, масалан, Тошкентда ҳам илғаш мумкин. Шунинг таржимасини сизга илиндим.

***

Бомжлар

Нью-Йоркда бўлиб қайтган сайёҳлар икки турга бўлинади: уларнинг баъзилари мегаполиснинг миқёсидан ҳайратга тушади, завқ-шавққа тўлади, бошқалари эса уйга қайтиши билан дўстларини ошхонага тўплаб, уларни Нью-Йорк уйсизлар (бомжлар) томонидан қайтариб бўлмас даражада маҳв этилгани ҳақидаги ҳикоялар билан қўрқитади.

Дарҳақиқат, Нью-Йоркда бомжлар кўп. Махсус бошпаналарда ҳар куни 65 минг шаҳарлик тунаб қолади. Яна қанча одам кўчаларда ва метрода тонг оттиради — буни ҳеч бир статистика ҳисоблаб, айта олмаса керак (бомжларни санаб чиқишга ҳаракат бор, бироқ улар кўчманчи ва баъзан йўқолиб ҳам қолади — ахир улар бомжлар-ку). Муаммо яққол кўриниб тургани билан унинг сабаблари ҳар доим ҳам шундай равшан эмас. Мен бунда бир неча сабабларни кўраман.

Нью-Йорк — улкан бир мегаполис ва унга нафақат бутун АҚШдан, балки бутун дунёдан одамлар кўчиб келади (худди каминаи камтарин қулингиз каби, фақат мен ҳали бомжга айланганимча йўқ). Бир жойда ҳаддан ташқари кўп одамнинг тўпланиб қолиши ресурслар учун рақобатни юзага келтиради, рақобат — тенгсизликка, тенгсизлик эса бомжларнинг пайдо бўлишига сабаб бўлади. Бу ерда турар жой қиммат: агар одам калласини ишлатмаса ва қўли билан оғир меҳнат қилишни истамаса, у ижара пулини тўлай олмайди ва кўчада бутилка йиғишга мажбур бўлади.

Муаммога бошқа томондан ҳам назар солиш мумкин: Манхэттен кўчаларидаги тиланчилар кунига 40 доллардан 80 долларгача «пул ишлаб топади» — ноинсоний шароитларда бургерлар учун котлет қовурадиган мексикалик ноқонуний муҳожирлар ҳам тахминан шунча пул ишлайди. Мана шундай ноқонуний муҳожирларнинг эртами-кечми «ақли киради»: шунчаки тротуарда ўтириб пул топиш мумкин экан, котлет қовуришнинг нима кераги бор?

Биринчи қарашда бомжлар ҳаёти оғирдек кўринади, лекин аслида ундай эмас. Одамлар яхшигина садақа беради (масалан, Нью-Йорк тиланчилари ўртача русийзабон стримерлардан кўра кўпроқ пул топади), уларнинг хавфсиз тунаши учун «шелтерлар» (бир хонаси бир неча кишига мўлжалланган махсус бошпаналар) тармоғи ташкил этилган, яқин орадаги «нажот армияси»дан ҳар ҳафта бирор янги кийим-кечак олса бўлади (қишда иссиқ кийим-бош ҳам тарқатилади: яқинда ўзим паркда «канада гус»ни кийиб олган бир дайдини кўрдим — анчадан бери шунақасидан сотиб олгим келиб юрарди, тортиб олишимга сал қолди), черковлар эса ошхона вазифасини бажаради ва кунига уч маҳал боқади.

Тентак мэрнинг сиёсати эса одамларнинг бомжга айланишлари учун қўшимча рағбат уйғотяпти. Билл Де Блазио ҳар йили ўнлаб янги шелтерлар очяпти, уйсизларга ёрдам дастурларини кенгайтиряпти ва майда ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни бартараф этяпти. Авваллари метрода сийган (узр!) одамлар қамаларди, ҳозир эса полиция бундайларга хайфсан бериш билан кифояланяпти (энди ўзингиз бомжнинг қийинчиликлари рўйхатида «хайфсан» нечанчи ўринда туришини бир ўйлаб кўринг)… Ким билсин, бомжлар муаммосини ҳал қилишни, балки, янги мэр сайловидан бошлаш керакдир.

Ҳозирча эса… агар бомж бўлсангиз, Нью-Йоркка келинг.

Муҳрим Аъзамхўжаев блогидан олинди.