Ўзбекистон ҳукумати e-bay, Amazon, Paypal компаниялари билан музокара ўтказади

Шавкат Мирзиёев электрон тижоратни жадал ривожлантиришга оид қарорни имзолади. Қарорга мувофиқ, мамлакатда электрон тижоратни ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратиш, товарлар (хизматлар)ни Интернет тармоғи орқали реализация қилиш учун замонавий механизм ва тартиб-таомилларни жорий қилиш, маҳаллий тадбиркорлик субъектлари маҳсулотларини экспорт қилиш географиясини кенгайтириш ва ҳажмини ошириш режалаштирилаяпти.

Хусусан, электрон тижорат иштирокчилари томонидан хизматлар кўрсатиш жараёнида ахборот тизимлари томонидан шакллантириладиган, битимлардаги томонларни идентификациялаш имконини берувчи электрон чеклар, квитанциялар, хабарлар ва бошқа усуллар товарлар (хизматлар) учун тўловларни тасдиқловчи квитанциялар, талонлар, чипталар ва бошқа ҳужжатларга тенглаштирилади.

Тадбиркорлик субъектлари томонидан электрон тижорат битимларини амалга оширишда тўловлар виртуал терминаллар (E-POS) орқали харидорга нақд пулни қабул қилганлиги тўғрисида электрон чек ёки бошқа тасдиқловчи ҳужжатни мажбурий юборган ҳамда инкассация қоидаларига қатъий риоя қилган ҳолда пул маблағларини хизмат кўрсатувчи банкга топшириш шарти билан нақд пул шаклида қабул қилиниши мумкин.

Электрон тижорат субъектлари савдо фаолиятини амалга оширишда тўлов терминалларидан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик субъектларининг корпоратив банк карталари, шунингдек, электрон тўлов тизимлари орқали тўловларни қабул қилиш ҳуқуқига эгадирлар.

Электрон тижорат орқали реализация қилинган уч минг АҚШ долларигача бўлган товарлар (хизматлар)ни экспорт қилиш Ташқи савдо операцияларининг ягона электрон ахборот тизимига киритилмасдан ва юк божхона декларацияси тўлдирилмасдан почта хизматларини кўрсатиш қоидаларига мувофиқ амалга оширилади.

Виртуал терминаллар (E-POS) шу турдаги назорат-касса машиналари ва тўлов терминалларига тенглаштирилади.

Шунингдек, 2018 йил 1 июлдан бошлаб электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни етказиб бериш бўйича хизматлар кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларига учинчи шахслар (товарларни сотувчилар) учун тўловларни кейинчалик уларни белгиланган тартибда инкассация қилиш шарти билан қабул қилиш ҳуқуқи берилади.

Электрон тижорат орқали сотиладиган товарлар (хизматлар) учун уларнинг умумий қийматидан мажбурий 15 фоизли олдиндан тўлов тўлаш талаби бекор қилинади.

Электрон тижорат орқали реализация қилинган товарларни сотувчига ва етказиб берувчига шахсий мулк, ижара ва бошқа фойдаланиш ҳуқуқига асосан тегишли бўлган автомобиль транспортида Ўзбекистон ҳудуди бўйлаб етказиб беришда шаҳар, шаҳар атрофи, шаҳарлараро ва халқаро автомобилда йўловчилар ва юк ташишларни амалга ошириш учун лицензия олиш талаб қилинмайди.

Ўзбекистон Республикаси Ташқи савдо вазирлиги Марказий банк билан биргаликда бир ой муддатда етакчи хорижий савдо майдончалари (ebay, Amazon ва бошқалар), тўлов тизимлари (Paypal) билан музокаралар ўтказади ва музокаралар якуни бўйича маҳаллий тадбиркорлик субъектларига ушбу савдо майдончалари ва тўлов тизимлари орқали товарлар (хизматлар)ни реализация қилиш ва ҳисоб-китобларни амалга ошириш имконини яратиш бўйича аниқ таклифлар тайёрлайди.

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги эса мижозларни мобиль алоқа рақамига боғлиқ ҳолда масофадан идентификация қилиш механизмининг самарали ишлашини таъминлаш мақсадида 2018 йил якунига қадар мобиль алоқа тармоғи абоненти бошқа мобиль алоқа тармоғига ўтганда телефон рақамини сақлаб қолиш тартибини ишлаб чиқади ва тасдиқлайди.