Россия мудофаа вазири Сергей Шойгу Ўзбекистонга нега ташриф буюрди?

    Россиялик ҳарбийлар ўзбекистонлик ҳамкасбларини ҳарбий масалаларда ўқитади. Бу ўқувлар Ўзбекистон ҳарбий хизматчилари МДҲ чегараларида Суриядан қочиб, Афғонистонда уя қурган террористларга тўсиқ қўя олиши учун керак. Бу ҳақда расмий “Российсикая газета” нашри ёзмоқда.

    “Афғонистондаги вазият нобарқарор бўлиб бормоқда. Бу ушбу мамлакатдан қўшни мамлакатларга террористик гуруҳларнинг ўтишига имконият яратиши мумкин”, деди Россия Федерацияси мудофаа вазири, армия генерали Сергей Шойгу Ўзбекистонга ташрифи давомида.

    Россия ҳарбий идораси раҳбари Тошкентда Шавкат Мирзиёев билан учрашди ҳамда Ўзбекистон мудофаа вазири, генерал-майор Абдусалом Азизов билан амалий мулоқот ўтказди.

    Шойгу ҳамкасби Азизов билан музокараларда Россия ва Ўзбекистоннинг ҳарбий-техник ҳамкорлиги мутлақо конкрет масалаларни қамраб олиши ва долзарб аҳамиятга эга эканлигини қайд этди. “Бу авваламбор Ўзбекистон чегарасидаги барча риск ва таҳдидлар билан боғлиқ. Бу ерда Суриядан қўшни давлатларга, шу жумладан, Ўзбекистонга ўтаётган халқаро терроризм хавфи ўсиб бораётганини қайд этмасликнинг иложи йўқ”, деди Шойгу.

    Унинг сўзларига кўра, Афғонистондаги вазият ҳам борган сари нобарқарор ва хавфли бўлиб бормоқда. “Суриядан чиқиб кетаётган гуруҳлар Афғонистонга кўчиб ўтмоқда. Бунда, албатта, ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш муҳим аҳамият касб этади. Бинобарин, зарурат туғилганда улар давлат манфаатларини ҳимоя қилиш учун қалқон бўлади”, деди у.

    Шу муносабат билан, хабарда айтилишича, Россия Мудофаа вазирлиги мамлакатдаги ҳарбий олий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ўзбекистонликлар сонини кўпайтиришга тайёр. Қолаверса, Россия Ўзбекистонга ҳарбий мутахассисларни тайёрлаш учун ўз ҳарбий ўқитувчиларини йўналтириши мумкин.

    “Биздан бундан кейин ҳам нафақат тажрибамиз билан ўртоқлашишга, балки мутахассислар тайёрлашга ҳам тайёрмиз. Айнан шунинг учун ҳам Россия ҳарбий таълим муассасаларида таҳсил олаётган ҳарбий мутахассислар сонини фоизга эмас, каррасига кўпайтиришни таклиф қилаяпмиз. Бундан ташқари, ўқитувчиларимизни бу ерга юбориш имкониятларини кўриб чиқаяпмиз”, деди Шойгу.

    Вазирнинг сўзларига қараганда, Ўзбекистон ҳарбий мутахассислари Россияда Суриядаги амалиётлар вақтида олинган билим ва тажрибалар асосида ўз билимларини мустаҳкамлашади.

    Газетанинг ёзишича, Президент Шавкат Мирзиёев Сергей Шойгуга армия ислоҳотлари ҳақида сўзлаб берган.

    Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ахборот ва оммавий коммуникациялар департаментида маълум қилишларича, Ўзбекистон раҳбари билан учрашувнинг протокол қисми якунлангач, учрашув ёпиқ эшиклар ортида бир соатдан кўпроқ давом этган.

    Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил апрель ойида Москвага давлат ташрифи доирасида Президентлар ҳарбий ва ҳарбий-¬техникавий соҳалардаги ҳамкорликни янада ривожлантириш, 2016 йил 29 ноябрда имзоланган Ўзбекистон Республикаси билан Россия Федерацияси ўртасида ҳарбий-техникавий ҳамкорликни ривожлантириш тўғрисидаги шартнома ҳамда Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги билан Россия Федерацияси Мудофаа вазирлиги ўртасида 2017 йилга мўлжалланган икки томонлама ҳамкорлик дастурини амалга татбиқ этиш тарафдори эканлигини билдирган эди.