АҚШда Ўзбекистонни тарғиб қилишда ўзбек диаспораси имкониятларидан фойдаланилади

Ўзбекистон туризм салоҳиятини реклама қилишдаги хориждаги ватандошлар имкониятларидан кенг фойдаланади. Буҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов газета.uz сайтига берган интервьюсида маълум қилди.

“Биз Ўзбекистоннинг миллий брендини аниқ тасаввур билан яратишимиз керак. Уни қандай тарғиб қилишни билишимиз керак. Ўн йил кейин учун режалаштириб олишимиз лозим. Жуда катта таҳлилий ишларни бажаришимиз керак бўлади: қайси мақсадли аудитория биз учун муҳимлигини аниқлаб олишимиз, уларга ахборотни қандай етказишни билишимиз керак. Бунда бизга Туркия ва Жанубий Кореядан маслаҳатчилар ёрдам беради”, деди у.

Қўмита раисига кўра, реклама кампаниялари арзон бўлса-да, самарали бўлади. Ўзбекистон ижтимоий тармоқларда пулли рекламалар орқали ҳам тарғиб қилинади. Тожикистонда Самарқанд ва Бухоро рекламалари ёпиштирилган авторекламалар йўлга қўйилди. Ҳадемай АҚШда Ўзбекистон рекламаси туширилган юк машиналари йўлга чиқади.

Бундан ташқари, ўзбек диаспораси ва мигрантлар билан ишлаш йўлга қўйилади. Аэропортларда турли фойдали сувенирлар тарқатилади. Мигрантлар уларни ўзлари яшайдиган жойда ва ишда бошқаларга улашади. Ватандош-тадбиркорлар эса ўз ресторанларида ва савдо нуқталарида Ўзбекистон рекламасини йўлга қўйишда яқиндан ёрдам беришади.

Азиз Абдуҳакимов Ўзбекистонга 2017 йилда 200 минг атрофида сайёҳ келганини қайд этган. “Ўтган йили мамлакатимизга 200 мингга яқин ҳақиқий хорижлик туристлар келди. 2018-2019 йилларда ушбу рақамни 350 минг нафаргача чиқаришни режа қилганмиз. 2020 йилга бориб эса туристлар сони 500 мингга етади. Буни амалласа бўлади”, деди у.

Қайд этилишича, Ўзбекистонга четдан йилига 2-2,27 миллион киши ташриф буюради. Аммо уларнинг қарийб 80 фоизи қўшни мамлакатлар фуқароларидир.