Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси: “Ўзбекистон “бузилган” иқтисодиётни тиклаш учун ислоҳотларни давом эттириши керак”

Валюта конвертациясини либераллаштиргандан сўнг эндиликда Ўзбекистон ўн йиллар давомида чекланган валюта ва нарх назорати туфайли бузилган бутун иқтисодиётни реструкцизация қилиши керак бўлади. Бу ҳақида Жаҳон банки ва Халқаро валюта жамғармаси расмийлари Reuters ахборот агентлигига маълум қилди.

Албатта, бу жараёнда оғриқли қадамларни ташлашга тўғри келади. Масалан, энергия нархларини ошириш ёки ўзгаришларга мослаша олмаётган компанияларни тугатиш, шу билан бир вақтда, инфляцияни жиловлаш ҳамда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш талаб этилади.

Жаҳон банкида Европа ва Марказий Осиё бўйича катта иқтисодчи бўлган Ҳанс Тиммер ҳукуматни ислоҳотлар суръатини жадаллаштиришга чақириб, Тошкент ислоҳотларнинг иш жойларига таъсир кўрсатишидан хавотирга тушаётганини тан олади.

Халқаро валюта жамғармаси Яқин Шарқ ва Марказий Осиё департаменти директори ўринбосари Юҳа Каҳконеннинг айтишича, инфляцияни жиловлаш учун бюджет тежамкорлиги ва қатъий монетар сиёсат олиб борилиши талаб қилинади.

Марказий Осиёнинг энг нуфуси кўп мамлакати бўлган Ўзбекистон 2016 йилда Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши билан узоқ кутилган бозор ислоҳотларини қайта бошлади.

Ўзбекистон ўтган йили фақатгина айрим компаниялар фойдаланиб келган валюта конвертация тизимига барҳам берди. Бу тизим иқтисодий муаммоларга сабаб бўлаётган эди.

Ўзбек сўмининг 1 долларга нисбатан 4210 сўмдан 8100 сўмга девальвация қилинишига олиб келган конвертация ислоҳоти кўплаб компаниялар учун кенг имкониятлар эшигини очди. Аммо хомашёни хориждан, жумладан, олис Бразилиядан олиб келадиган шакар ишлаб чиқарувчи корхоналар сингари компаниялар мушкул вазиятга тушиб қолишди. Чунки улар учун шакар хомашёси нархи икки карра ошди. Ваҳоланки, шакарнинг етказиб бериш нархи уй хўжалиги учун зарурлиги ҳисобига ўзгармасдан қолди.

Ҳукумат тайёр шакар маҳсулотини сотиб олишга киришди. Жорий йилда Ўзбекистон Украинадан энг кўп шакар сотиб оладиган мамлакатга айланди.

Тиммернинг фикрича, ислоҳотдан ютганлар ҳам, ютқазганлар ҳам бор. Муайян тармоқ ва компаниялар учун имтиёзларни камайтириш билан бирга иқтисодиётдаги муаммоларни ҳам ҳал қилиш керак.

Жаҳон банки жорий ойда Ўзбекистонда тўртта янги лойиҳани молиялаштириш учун 940 миллион ажратишга қарор қилди. Бу лойиҳалар энергия самарадорлигини ошириш, боғдорчиликни ривожлантириў ҳамда шошилинч ёрдам сифатини оширишга қаратилган.

“Биз Ўзбекистонга ажратилаётган қарз миқдорини оширдик. Биз ислоҳотлар жараёнини қўллаб-қувватлашни истаймиз. Ҳозирги жадал ислоҳотлар жараёни барқарор сақланиб қолса, ажойиб иш бўлар эди”, деди Тиммер.

Унинг сўзларига кўра, ҳукумат ислоҳотларнинг меҳнат бозорига таъсиридан хавотирга тушмоқда. Шунинг учун эҳтиёткорлик билан қадам ташласа, ажаб эмас. Чунки ишсизлик Ўзбекистоннинг энг катта муаммоларидан бири бўлиб, миллионлаб ўзбеклар хорижда, асосан Россияда ишлашга ва оиласини боқишга мажбур бўлаяпти.

Каҳконеннинг сўзларига кўра, инфляцияни назоратга олиш зудлик билан ҳал қилиниши керак бўлган устувор вазифа саналади. “Ҳозирда у 20 фоизга яқинлашган, ишончим комил, ҳукумат уни қисқартиришнинг уддасидан чиқади, аммо барибир қатъий молия ва монетар сиёсатини олиб бориш талаб қилинади.

Бундан ташқари, энергия соҳасида сарфни ва давлат субсидияларини қисқартириш чоралари кўрилиши лозим. Яқин ўрта истиқболда энергия нархларини ошириш зарур. Чунки ҳозир нархлар мавжуд харажатларни тўлиқ қоплай олмаяпти.

Унинг фикрича, давлат корхоналарини реструкцизация қилиш устувор вазифа бўлиб, миллий иқтисодиётнинг рақобатдошлигини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри чет эл инвестицияларини жалб қилиш ҳам ҳукумат диққат марказида бўлиш керак.

Бундан аввалроқ, Ўзбекистон миллий авиакомпанияни хусусийлаштиришини, аммо олтин конлари ва нефть компанияларида тўлиқ давлат назоратини сақлаб қолиши маълум қилинган эди.