Давлат сиёсати концепцияси: Ўзбекистонга кириш визалари, доимий яшаш учун рухсатнома ва ишлаш учун лицензияни соддалаштирилади

    Чет элда истиқомат қилувчи ватандошлар билан ҳамкорлик қилиш бўйича Ўзбекистон давлат сиёсатининг концепцияси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди.

    Бундай тоифага Ўзбекистоннинг мамлакатдан ташқарида доимий яшовчи ёки ўқиши, меҳнат фаолияти, оилавий ва бошқа сабаблар билан хорижда вақтинчалик бўлганлар, асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган, хорижий давлат фуқаросига айланганлар, шунингдек, этник ва тил нуқтаи назаридан ўзини ўзбек ёки қорақалпоқ деб билувчи ҳамда Ўзбекистон билан алоқаларни ушлаб туриш истагида бўлган хорижий фуқаролар ёки фуқаролиги йўқ шахслар киради.

    «Ўзбекистон билан маънавий, маданий ва ҳуқуқий алоқаларни сақлаб қолиш, шунингдек, мамлакатнинг иқтисодий ва ижтимоий ҳаётида иштирок этишга интилаётган ватандошлар билан ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш ҳамда ривожлантириш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир», – дейилади ҳужжат лойиҳасида.

    «Ўзбекистон бунга манфаатдорлик билдираётган барча ватандошлар билан ҳар томонлама дўстона ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, уларнинг қонуний манфаатлари ва ҳуқуқларини амалга оширишни, хусусан, маданият, тил, таълим, ахборот, иқтисодий ва гуманитар алоқаларни ривожлантиришга кўмаклашиш ниятида», – дея маълум қилинган концепция лойиҳасида.

    Хориждаги ватандошлар билан ҳамкорликнинг асосий йўналишлари – маданий, гуманитар, илмий, таълим ва ахборот соҳаларида ҳамкорликни, шунингдек, иқтисодий соҳадаги ҳамкорликни ривожлантириш ҳисобланади.

    Биргаликда илмий, маърифий, тиббий, маданий, маърифий, спорт ва бошқа лойиҳаларни амалга ошириш режалаштирилган. Ватандошлар ва уларнинг ташкилотлари ўзбек тили, маданияти ва урф-одатини ўрганиш, сақлаб қолиш ва ўз мамлакатларида доимий яшайдиган ёш авлодларга етказиб беришга ёрдам беради.

    Ватандошларга таклиф этилмоқда:

    Ўзбекистонга кириш визалари, доимий яшаш учун рухсатнома ва ишлаш учун лицензияни соддалаштирилган тартибда расмийлаштириш;

    Ўзбекистонда талаб қилинадиган мутахассисликлар бўйича иш билан таъминлаш, шунингдек уларнинг ижтимоий, маиший ва бошқа масалаларини ҳал қилишда кўмаклашиш;

    Давлат ташкилотларидаги раҳбарлик лавозимларига жалб этиш;

    Ўзбекистон фуқаролигини соддалаштирилган тартибда бериш;

    Ўзбекистон олий ўқув юртларида ўзбек тили ва адабиёти, тарих, миллий мусиқа ҳамда театр санъати йўналишлари бўйича таълим олиш учун грантлар ажратиш;

    ватандошлар орасидан ОАВ вакилларини аккредитация қилишнинг соддалаштирилган тартиби.