Шавкат Мирзиёев Ражаб Эрдўғонни Туркия президенти лавозимига сайлангани билан табриклади

Туркиянинг Олий сайлов кенгаши раҳбари Сади Гувен мамлакат президенти Ражаб Тоййиб Эрдўған 24 июнда ўтган президент сайловларида мутлақ кўп овоз олганини эълон қилди.

Эрдўған 52,5 фоиз овоз билан 1-турнинг ўзида ғолиб бўлди. Унинг асосий рақиби Муҳаррам Инже 30,7 фоиз, қолган номзодлар – Салоҳитдин Демиртош 8,4 фоиз, Мерал Акшенер 7,3 фоиз, Тамал Карамуллаўғлу 0,9 фоиз ва Догу Перинчек 0,2 фоиз овоз тўплаган.

Парламент сайловларида ҳукмрон Адолат ва тараққиёт партияси 42,4 фоиз овоз, Миллий ҳаракат партияси 11,1 фоиз овоз тўплаган. Шу тариқа бу партияларни бирлаштирувчи Халқ альянси парламентда кўпчилик ўринни олади.

24 июнь куни Шавкат Мирзиёевнинг Туркия президенти Ражаб Тоййиб Эрдўғон билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат бошида давлат раҳбари Ражаб Тоййиб Эрдўғонни Туркия президенти лавозимига сайлангани муносабати билан самимий табриклаб, унга катта муваффақиятлар тилади.

Ўзбекистон—Туркия кўп асрлик дўстлик ва стратегик шериклик муносабатлари бугунги кунда юқори суръатлар билан ривожланаётгани ва мустаҳкамланиб бораётгани чуқур мамнуният билан алоҳида қайд этилди.

Давлатлар раҳбарлари, шунингдек, мамлакатлар ўртасидаги кенг қамровли ва кўп қиррали ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан фикр алмашди.

Мулоқот сўнгида Президентлар барча соҳаларда ўзаро манфаатли ҳамкорликни изчил ривожлантиришга тайёр эканликларини яна бир бор билдирди.