Ўзбекистонда Рамазон ҳайити байрами 15 июнь жума куни нишонланади

Ўзбекистонда Ийд ал-Фитр — Рамазон ҳайити байрами 15 июнь, жума куни нишонланади. Президент Шавкат Мирзиёев «Рамазон ҳайитини нишонлаш тўғрисида»ги қарорини имзолаган.

«Kun.uz» сайти Ўзбекистон мусулмонлари идорасига таяниб хабар беришича, 10 июнь куни Рамазон ҳайити кунини белгилаш учун Марказий Осиё мамлакатлари диний идоралари фатво бўлими раҳбарлари (Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон), Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмитаси, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси расмийлари, исломшунос ва диншунос олимлар, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Астрономия институти олимлари иштирокида учрашув бўлиб ўтган ва якунда астроном олимларнинг ой тўлиши билан боғлиқ хулосалари ўрганиб чиқилиб, бу муддат 29 кунни ташкил этаётгани тасдиқланган ва Ўзбекистон Республикаси Президентига тавсия тақдим этилган.

Шу тариқа, Рамазон ойининг охирги куни 14 июнга тўғри келади ва 15 июнь куни Рамазон ҳайити нишонланади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси президентининг 2017 йил 28 декабрдаги «2018 йилда расмий саналарни нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунларни белгилаш ва дам олиш кунларини кўчириш тўғрисида»ги ПФ–5290-сонли фармонида Рамазон ва Қурбон ҳайити байрамларида 3 кунлик дам олиш куни эълон қилиниши назарда тутилган.