Хитой Ўзбекистон меваларига тақиқни бекор қилди

Хитойга 10 минг тонна гилос, 3 минг тонна майиз, 2 минг тонна ёнғоқ экспорт қилиш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақида “Халқ сўзи” газетаси хабар тарқатди.

Куни кеча “Ўзбекозиқовқатҳолдинг” ҳолдинг компанияси раиси Тоҳиржон Жалилов билан Хитойнинг “Industrial Co LTD” компанияси бош менежери Хиан Жонгхе ўртасида ўтказилган музокаралар томонлар учун ана шундай самарали якунланди. Бу Хитой карантин ва божхона хизмати томонидан олиб борилган узоқ текширувлардан сўнг Ўзбекистон гилоси ва бошқа мевалари экспортига рухсат берилгандан кейин эришилган энг йирик келишувдир.

Маълумот учун, бугунги кунга қадар “Ўзагроэкспорт” АЖ томонидан хитойлик ҳамкорларга 22,4 миллион АҚШ долларилик маҳсулот етказиб берилган.

Қайд этиш керакки, шу кунларда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Хитойнинг Циндао шаҳрида Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлисида иштирок этиш учун бўлиб турибди.

Саммит доирасида Президентимизнинг Хитой, Россия, Ҳиндистон, Покистон ва Афғонистон раҳбарлари билан учрашувлар ўтказиши ҳам режалаштирилган.

Шуни эслатиш лозимки, 2018 йил январь-март ойларида мева-сабзавот маҳсулотлари экспорт ҳажми 110,8 миллион АҚШ долларини ташкил қилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 51,7 фоизга ошганини кўрсатади.

Давлат статистика қўмитаси маълумотларига кўра, мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида 22,4 фоизни мева ва резаворлар (ўсиш 27,1 фоиз), 57,2 фоизини сабзавотлар (69,8 фоизга), 15,7 фоизини узум (16,3 фоизга) ташкил қилади.

Мева-сабзавот маҳсулотлари экспортида асосий ҳамкор давлатлар Қозоғистон (умумий ҳажмдан 37,4 фоиз), Афғонистон (13,1 фоиз), Россия (11,8 фоиз), Туркия (5,9 фоиз), Ветнам (4,9 фоиз), Хитой (3,8 фоиз), Қирғизистон (2,6 фоиз), Эрон (2,4 фоиз) ва Ҳиндистон (2,2 фоиз) ҳисобланади.