АҚШ Ўзбекистонга суд-ҳуқуқ ислоҳотларини ўтказишда амалий ёрдам беради

Америка Қўшма Штатлари ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қонун устуворлигини ошириш мақсадида USAID маъмури ёрдамчиси ўринбосари Ҳавьер Пьедра ва Адлия вазири Руслан Давлетов 2018 йил 8 июнь куни Тошкентда Ўзбекистондаги суд ислоҳотларини қўллаб-қувватлашга қаратилган англашув меморандумини имзолади. Ушбу меморандум АҚШ ва Ўзбекистонга янги қонун ва низомларни ишлаб чиқиш, ҳуқуқшунослик соҳасини ривожлантириш ҳамда фуқаролик жамияти ва нодавлат ташкилотлари учун ҳуқуқий муҳитни кенгайтириш учун биргаликда фаолият олиб бориш имконини беради.

АҚШ элчихонаси хабар беришича, USAIDнинг Марказий Осиёдаги кўмак дастурларини бошқараётган жаноб Пьедра Марказий Осиёга илк расмий ташрифи доирасида Ўзбекистонда бўлиб турибди. Меморандумни имзолаш маросимида у шундай деди: “USAID Ўзбекистон билан жамоатчиликнинг фуқаролик суд тизими имкониятларидан фойдаланиши ва унга бўлган ишончни мустаҳкамлаш йўлида узоқ йиллардан буён ҳамкорлик қилиб келмоқда. Бугун имзоланган меморандум икки мамлакатларимиз ўртасидаги ҳар томонлама ва чуқурлашиб бораётган ҳамкорликдаги яна бир муҳим ютуқ ҳисобланади. АҚШ-Ўзбекистон ҳамкорлигининг кенгайиши Ўзбекистон ватандошларининг адлия тизимидан фойдаланиш имкониятларини яхшилаб, суд тизимини янада очиқ ва самарали бўлишига ёрдам беради.”

Қўшма Штатлар ва Ўзбекистон ҳукумати суд тизимини мустаҳкамлаш учун судьялар ва бошқа суд ҳодимларига машғулотлар ўтказиш ва ҳуқуқий таълим бериш дастурлари орқали биргаликда иш олиб борди; АҚШ ва Европага ўқув-ўрганиш сафарлари уюштирди; адолатга эришишни кучайтирувчи қонунчилик ташаббусларини қўллаб-қувватлади; Ўзбекистон халқи ва судлари ўртасидаги мулоқотни осонлаштириш ва ошкораликни рағбатлантиришга қаратилган фаолият билан шуғулланди. Кейинги йилларда USAID ҳукуматга айни пайтда барча фуқаролик судларида қўлланилаётган, фуқаролик ишлари учун мўлжалланган электрон суд бошқарув тизимини яратишда яқиндан ёрдам берди.