Тошкент шаҳрининг янги қиёфаси: Ҳокимлик vs ижтимоий тармоқлар

Тошкент шаҳрига тадбиркор Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ҳоким вазифасини бажарувчи этиб тайинлангач, пойтахт маъмурияти ва тошкентликлар ўртасида мулоқот бирмунча жонланди, ҳокимлик халқнинг эътирозига сабаб бўлаётган воқеа-ҳодисалар юзасидан тезкорлик билан муносабат билдириб, одамлар фикрига қулоқ тута бошлади.

Бундай мулоқотлардан бири айнан шаҳарликларни анча йиллардан бери ўйлантириб келаётган дарахтзорларни асраб қолиш, уларнинг аёвсиз кесилишига қарши муносабатларда ўз аксини топди. Қолаверса, шаҳар маъмурияти ҳузурида илк марта том маънода нуфузли шахслардан иборат жамоатчилик кенгаши ҳам тузилди.

Халқлар дўстлиги майдонида мамлакатдаги энг баланд флагштокда давлат байроғи ўрнатилганини шаҳар аҳолиси ижобий кутиб олди.

Бироқ, шаҳарнинг янги маъмурияти пойтахтга янги қиёфа бағишлаш мақсадида шаҳарнинг аҳоли гавжум жойларида турли пластик ва бошқа материаллардан инсталляциялар ўрната бошлади. “Tashkent Loves You” ва шунга ўхшаш ёзувлар роса болалади.

themag.uz
themag.uz

Айрим инсталляциялар фуқаролар томонидан ижобий кутиб олинган бўлса, айримлари ижтимоий тармоқларда кескин танқидга учради.

Тошкентнинг қоқ марказидаги Сайилгоҳ кўчасига ўрнатилган алламбало қуш инсталляцияси ҳам тошкентликларнинг “ҳайрати”га сабаб бўлди.

Айниқса, «Grand Mir Hotel» меҳмонхонаси (собиқ «Россия») олдидаги чорраҳа ўртасига АҚШдаги «11 сентябрь воқеалари» қурбонлари хотирасига ишланган соат-миноранинг кўчирмасини ўрнатишгани ҳаммасидан ошиб тушди.

Албатта, ижтимоий тармоқларнинг жунбушга келиши билан бу қурилма ҳам демонтаж қилинди.