Марказий Осиё интеграцияси йўлидаги дастлабки амалий қадамлар ташланмоқда

Ўзбекистонда сиёсий муҳитнинг ўзгариши билан Марказий Осиёда ҳам сиёсий вазият тубдан ўзгарди. Умумий тарихга, географик яқинликка эга ушбу мамлакатлар раҳбарлари учрашувлари анъанага тусига киряпти. Жумладан, Шавкат Мирзиёевнинг ташаббуси билан Марказий Осиё давлат раҳбарларининг илк консультатив учрашуви ташкил этилди.

Чегарадош ҳудудлар делегациялари алмашинуви жадаллашди, фуқароларнинг ўзаро борди-келдиси учун чегарадан ўтиш жараёнлари соддалаштирилди. Лекин Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари минтақада интеграция юз бериши ёки миллий юрисдикциядан устун турадиган қандайдир ягона тузилма пайдо бўлиши ҳақида гапиришмаяпти. Асосий эътибор ҳозирда норасмий мулоқотга, иқтисодий кооперацияга, минтақа учун умумий манфаатли бўлган лойиҳаларни амалга оширишга қаратилмоқда.

Шундай бўлса-да, минтақада шаклланаётган айрим механизмлар Марказий Осиё интеграцияси йўлида дастлабки қадамлар ташланаётганини кўрсатади.

Биринчиси, шубҳасиз, жорий йилнинг март ойида Остонада Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг биринчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев, Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев, Қирғизистон Республикаси Президенти Сооронбай Жээнбеков, Тожикистон Республикаси Президенти Эмомали Раҳмон ва Туркманистон Межлиси раҳбари Акжа Нурбердиева иштирок этди. “Албатта, алоҳида учрашиб турардик, мулоқот қилардик, лекин бундай яхлит учрашув анчадан бери бўлмаган эди”, деганди ўшанда Нурсултон Назарбоев.
Навбатдаги учрашув келгуси йили Тошкентда ўтказилади.

Иккинчи яна бир муҳим механизм, шубҳасиз, Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви ҳисобланади. Шу йилнинг 2018 йилнинг 20-22 июль кунлари Чўлпон ота шаҳрида Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда Қозоғистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Қ.Абдрахманов, Қирғизистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Э.Абдилдаев, Тожикистон Республикаси Ташқи ишлар вазири С.Муҳриддин, Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири А.Камилов ва Туркманистон Ташқи ишлар вазири ўринбосари Б.Мятиев иштирок этди.

Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирлари 2018 йил 15 мартда Марказий Осиё Давлат раҳбарларининг Остона шаҳридаги ишчи (маслаҳатлашув) учрашувида эришилган келишувларни амалга ошириш мақсадида, Қирғизистон томони ташаббусига кўра дўстона руҳда минтақавий ҳамкорликни ривожлантиришнинг ҳозирги ҳолати ва истиқболларини, хавфсизликни таъминлаш, чегара, транспорт ва транзит алоқалари, сув-энергетика манбаларидан фойдаланиш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар ҳамкорлик, жумладан Марказий Осиё мамлакатларининг халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлиги масалаларини муҳокама қилдилар.

Марказий Осиё Давлат раҳбарларининг 2019 йил март ойида минтақавий ҳамкорликни янада чуқурлаштириш ва кенгайтириш мақсадида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган навбатдаги маслаҳатлашув учрашувининг муҳимлигини эътироф этдилар.
Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги давлат чегарасини халқаро ҳуқуқий расмийлаштириш жараёнидаги ҳамда минтақадаги ҳудудлараро ва чегараолди ҳамкорлигининг фаоллашишидаги ижобий динамикани қўллаб-қувватладилар.

Халқаро терроризм ва экстремизм, наркотикларнинг ноқонуний айланиши, уюшган трансмиллий жиноятлар ҳамда минтақавий хавфсизликнинг таҳдидларига қарчи курашиш бўйича ҳамкорликни, жумладан халқаро ва минтақавий ташкилот доирасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришнинг зарурлигини таъкидладилар.

Савдо-иқтисодий алоқаларни янада мустаҳкамлаш, ўзаро савдони кўпайтириш учун қулай шароитлар яратишнинг зарурлигини қайд этдилар.

Минтақа ичидаги инвестицион ҳамкорликни олға суриш Марказий Осиё давлатлари ўртасидаги ишбилармонлик муҳити фаоллигининг муҳим омили деган фикрни билдирдилар.

Минтақанинг транзит имкониятларини кенгайтириш минтақа давлатларининг иқтисодий ҳамкорлиги мустаҳкамланишига, транспорт инфратузилмасининг ривожланишига ва транспорт коммуникациялари орқали транзит юк ташишни йўлга қўйишга имкон яратишини тасдиқладилар.

Марказий Осиёда сув-энергетика манбаларидан комплекс фойдаланишни қўллаб-қувватладилар ҳамда минтақанинг барча мамлакатлари манфаатларидан ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда мазкур соҳадаги ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барқарор узоқ муддатли механизмларини ишлаб чиқишнинг зарурлигига урғу бердилар.

Марказий Осиё давлатлари халқларининг маданияти, тарихи ва тиллари мустараклигини қайд этдилар ҳамда таълим, маданият, санъат, фан, туризм ва бошқа соҳалардаги давомий ҳамкорлик тарафдори эканлигини тасдиқладилар.

Марказий Осиё давлатлари Ташқи ишлар вазирларининг кейинги учрашувини Тожикистон Республикасида ўтказилишига розилик билдирдилар.