Ўзбекистонда енгил автомобилларни 30 кунга ижарага беришни нотариал расмийлаштириш талаб этилмайди

Президент томонидан Иқтисодиётнинг жадал ривожланишини таъминлашга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги Қонун имзоланди.

Адлия вазирлиги “Ҳуқуқий ахборот” телеграм канали хабар беришича, қонун билан бир қатор қонунларга ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Хусусан, Фуқаролик кодексига киритилган ўзгартиришга мувофиқ эндиликда автомототранспорт воситаларини ўттиз кунгача бўлган муддатга ижарага бериш шартномаларини нотариал тасдиқлаш шарт эмас.

Енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ижарага бериш бўйича хизмат кўрсатадиган юридик шахслар жисмоний шахслар билан енгил автомобиллар ва мототранспорт воситаларини ўттиз кунгача бўлган муддатга ижарага бериш шартномаларини оддий ёзма шаклда тузишлари мумкин.

Мазкур ўзгартириш Адлия вазирлиги томонидан ижара бозорини ривожлантириш, жумладан ички ва ташқи туристлар учун автомобиль туризмини устувор ривожлантириш ва уларга қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида таклиф этилган эди.