Каттақўрғонда аёл кишини таҳқирлаган ички ишлар органи ходимига нисбатан жиноий иш очилди

Самарқанд вилояти Каттақўрғон ички ишлар бўлими тезкор ходими Санъат Умаров аёл кишини таҳқирлаб, уни буткул яланғоч ҳолгача ечинишга мажбурлади. Ўзбекистон Бош прокуратураси ишни алоҳида назоратга олди. Бу ҳақида Бош прокуратура жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Сурайё Раҳмоновага таяниб “Газета.uz” хабар берди.

Чоршанба куни ижтимоий тармоқларда ИИБ ходими қўлга олинган аёл кишининг шаъни ва обрўсини таҳқирлагани тасвирланган видео тарқалди. Ёзувда Санъат Умаров аёлни сўкиб, ерга уриб, унга бақиради ва сўнгра яланғоч ҳолатда кўчага чиқишга мажбурлайди.

Бош прокуратурадан қайд этилишича, айни пайтда терговчи қўлга олинган, унга нисбатан Жиноят кодексининг 206-моддаси 1-қисми (ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш, яъни давлат органи, давлат иштирокидаги ташкилот ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органи мансабдор шахсининг ўзига қонун билан берилган ваколатлар доирасидан четга чиқадиган ҳаракатларни қасддан содир этиши, фуқароларнинг ҳуқуқларига ёки қонун билан қўриқланадиган манфаатларига ёхуд давлат ёки жамоат манфаатларига кўп миқдорда зарар ёхуд жиддий зиён етказилиши) бўйича жиноий иш қўзғатилган.

Каттақўрғон ИИБ раҳбариятига нисбатан хизмат текшируви ўтказилмоқда.

«Бу кишини ғазаблантирувчи ҳолат. Мансаби ва ваколатидан қатъи назар бундай ишга мутлақо йўл қўйиб бўлмайди. Мазкур иш Бош прокуратуранинг алоҳида назоратига олинган», — деди Сурайё Раҳмонова.