Американинг қайси штати яшаш учун энг яхши?

Флорида штатида истиқомат қиладиган блогер Аброр Қодиров ушбу саволга жавоб беришга ҳаракат қилибди

Кўп сўрашади. Ўринли савол. Аниқ битта жавоби йўқ савол.

Қисқа қилиб жавоб бериб бўлмайдиган савол. Энди кимдир сўраса, шу шу ерга йўналтириб, битта линк билан қутилиш учун ёзиб қўяй.

Қайси штатни танлашда ростанам умумий формула йўқ. Мамлакат катта. Штатлар кўп, турли, ўзига хос. Бир-биридан ўта фарқли ва шу пайтнинг ўзида бир-бирига ўхшаш ҳам.
АҚШга келаётган, келмоқчи бўлган, келишни режа ёки орзу қилаётган одамларда ҳам шароит ҳар хил, ижтимоий мақоми-ю, билим даражаси турли. Кимдир оилали, кимдир ёлғиз. Дунёқараш турфа, ҳамён ҳар хил. Кимдир соққани босиб, қайтгач қироллардек яшамоқчи, кимдир оиласига ёрдам бермоқчи, кимдир туб қўйиб, палак ёзмоқчи.

Пост шунақа умумий гаплардангина иборат бўлмаслиги учун, биз нега Флоридани танлаганимизни тушунтирсам, шундан ҳамма ўзига керагини чиқариб олаверса керак.

Флорида штатининг Орландо шаҳрини танлашимизга сабаблар:

1. Таниш

Сиз қанчалик ўзингизга, билимингиз-у, хунарингиз, ишбилармонлинингизга ишонманг, таниш бўлиши биринчи қадамларни ташаш учун керак. Сиз саёхатга келмаяпсиз. Оилани опкелиб қўйиб, қайси эшикни тақиллатишни билмай туриш ярамайди. Синфдошим келгунимизча бизга уй топиб, уни банд қилиб қўйганди, ўртоғининг машинасида аеропортга чиқиб, кутиб олиб, ўша уйга олиб борганди. Биринчи ишимни топишимгаям сабабчи бўлиб қолган. Барака топсин.

2. Ҳамён

Янги, мутлақо нотаниш ўлкада ҳаётни йўлга қўйиб олиш жараёни арзон эмас. Айниқса Амриқода. Бир сўмка сўмларни алмаштириб, бир сиқим қилиб олиб келган долларчаларнинг чўғи дақиқа сайин камайиб кетаверади. Аеропортдан чиқасолиб ишга тушиб кетмаслигингиз аниқ. Хужжатлар етиб келишининг ўзига бир ой вақт кетади. Тўловлар эса кутиб турмайди. Айниқса, Нью-Йорк каби мегаполисларда бу тўловлар икки-уч баробаргача кўп. 2016 йилги статистикага кўра Нью-Йоркда бир хонали уйлар ижараси $2848 долларни ташкил қиларкан. Орландода 2018 йилда $1200 атрофида, масалан. Сезиларли фарқ, менимча.

3. Қуёш, денгиз, соҳил…

Орландодан шарқ томонга қараб машинада бир соат юрсангиз, Атлантика океани соҳилларига чиқасиз, ғарб томонга бир ярим соат юрсангиз — Мексика бўғози соҳилларига. Йил 12 ой давомида нафақат бу гўзалликдан баҳраманд бўлиш, балки чўмилиш ҳам мумкин. Кўпчиликнинг орзуси — одатий бир кунингизга айланиши, менимча, ажойиб нарса. Совуққа йўқ, иссиқ, қўпол, оғир кийимлар кийиб юришни кўпам хушламайдиган мен кабилар яйраворади. Бонусига доимий яшил табиат ва чиройли шаҳар. Бўловрадими? 🙂

4. Инглиш

Испан тилини билмасангиз инглиз тилини билинг. Ёки аксинча. Флоридада ёзилмаган қоида — шу. Биттасини билиш керак. Мен ва турмуш ўртоғим бу ерга келишдан аввал инглиз тилида гаплаша олардик. Шунинг учун бизга ўзбек сегменти/диаспорасига қўшилиш, улар билан яқин бўлиш жуда бир муҳим масала эмасди. Бу ерни танлаш учун тил тўсиғи йўқ эди. Америкада тилни билмай ҳам жон сақласа, ҳатто яхши ишларда ишласа ҳам бўлади. Ўзбекчадан бошқасини билмаса ҳам, яхши яшаб юрганларни биламан. Лекин Флоридада эмас. Нью-Йоркни Бруклин, Бронкс деган жойларини ўзимизники қилиб олганмиз, деярли. Ўзбеклар супермаркети, ресторани, сомсахонаси, новвойхонаси, идоралари, дўконлари, э ҳамма насраси бор. Ишчилар ўзбекистонлик, мижозлар ўзбекистонлик. Инглиш? Зачеем?

Ҳисобга олиниши керак бўлган асосий омиллар шулар, манимча. Сизга балки Oҳайо тўғри келар, балки Монтана, балки Канзас, балки Невада, балки Калифорния ёки Вашингтон, ўзингиз учун ҳал қилиб олаверасиз уёғига.
Келишдан олдин ўрганинг, гуглланг, имкониятларингизни чамаланг, тўғри баҳо беринг.

Омад ва Welcome!