Икки кун ичида қарийб 200 хорижлик электрон виза учун ариза топширди

Ўзбекистонга кириш учун электрон визалар тизими — e-visa.gov.uz ишга тушганидан бошлаб икки кунлик фаолияти давомида 28 давлатнинг 196 нафар фуқаросидан мурожаат келиб тушди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимовга асосланиб, Газета.uz хабар тарқатди.
Тизим 15 июлда ишга туширилган бўлиб, визани расмийлаштиришнинг соддалаштирилган тартиби белгиланган мамлакатларнинг фуқаролари сайёҳлик мақсадида Ўзбекистонга келишлари мумкин.

Аризани кўриб чиқиш муддати икки кун. 17 июль куни кечгача бўлган ҳолатда 31 та электрон виза берилди.

Энг кўп аризалари АҚШ (33), Буюк Британия (30) ва Хитой (26) фуқароларидан келиб тушган. Шунингдек, Польша ва Ҳиндистон фуқаролари 14 та ариза берган.

Шу билан бир қаторда Испания (9), Канада (8), Франция ва Нидерландия (7 тадан), Германия, Ирландия ва Италия (5 тадан), Бельгия ва Португалия (4 тадан), Венгрия, Швейцария ва Австралия (3 тадан), Австрия, Болгария, Дания, Хорватия ва БАА (2 тадан), шунингдек, Латвия, Литва, Македония, Норвегия, Швеция ва Саудия Арабистони (1 тадан) давлатларининг фуқаролари ариза билан мурожаат қилган.

Электрон виза Ўзбекистон ҳудудида бир маротаба 30 кун бўлиш ҳуқуқини беради. У 90 кун давомида амалда бўлади.

Электрон виза электрон почта манзилига жўнатилади. Чегарани кесиб ўтаётганда визани электрон ёки қоғозда чоп этилган ҳолатда кўрсатиш етарли.