Бош вазир Абдулла Арипов ЙТҲга учради

Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов 19 август оқшомида Бекободдан Тошкентга қайтаётганида йўл-транспорт ҳодисасига учраган. Бу ҳақда «Газета.уз» ҳукуматдаги манбасига асосланиб хабар бермоқда.

Ҳукумат раҳбари хизмат автомобилида бўлди. У енгил тан жароҳатлари билан касалхонага олиб келинган, унинг саломатлигига таҳдид йўқ, дея маълум қилган ҳукуматдаги манба.

ЙТҲ оқибатида бош вазир билан бир машинада бўлган яна бир киши тан жароҳати олган.

Бош прокуратурадан «Kun.uz»га тасдиқлашларича, қарама-қарши йўналишда ҳаракатланган «Дамас» русумли автомобил ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, кортежга урилиб, йўл-транспорт ҳодисаси рўй берган. Ушбу ЙТҲ оқибатида Ўзбекистон бош вазири Абдулла Арипов ва унинг ўринбосари, «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси Алишер Султонов жароҳат олган.

Манба маълумотига кўра, кортежнинг бош қисмидаги Алишер Султонов бўлган автомобиль жиддий жабрланган, бош вазир ўринбосари ҳамда унинг ёнида бўлганлар тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган. Айни вақтда улар шифокорлар назоратида бўлиб турибди.

Бош вазир Абдулла Арипов минган автомобиль эса кортежнинг орқароғида бўлган ва ЙТҲ вақтида жиддий шикастланмаган. Арипов ва унинг ёнидаги яна бир киши ҳам енгил тан жароҳатланган, уларнинг саломатлиги барқарор ҳолатда.