Узоқ йиллардан сўнг Изро Малаков ва Муҳаббат Шамаева илк марта Ўзбекистонда концерт беради

    Ўзбекистон халқ артистлари Изро Малаков ва Муҳаббат Шамаева Ўзбекистонда концерт беради. Бу ҳақда журналист Жасур Ҳамроев ўз саҳифасида маълум қилди.

    “Узоқ йиллардан сўнг АҚШда истиқомат қилаётган ватандошларимиз — Ўзбекистон халқ артистлари Изро Малаков ҳамда Муҳаббат Шамаева она Ватанимиз саҳнасида куйлайдилар! Концерт меҳмонлари: Шерали Жўраев, Озодбек Назарбеков ва Юлдуз Турдиева! Маълумотларга қараганда, ушбу шов-шувли дастурни томоша қилиш учун “океан орти”дан юзлаб меҳмонлар ташриф буюради! Олқишлаймиз, азизлар!”, дейилади унда.

    Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг май ойида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Америка Қўшма Штатларига расмий ташрифи доирасида кўп йиллик самарали ижоди, ўзбек мақом санъатини ривожлантириш, халқимизнинг бой маданий меросини дунёда тарғиб этишга қўшган ҳиссаси учун мақом ансамблининг собиқ хонандаси Изро Ашерович Малаковга “Ўзбекистон Республикаси халқ артисти” фахрий унвони берилгани эълон қилинган эди.

    “Ўзбекистон — биз учун табаррук диёр. У ерда Бухоро яҳудийларига шу қадар катта эътибор, меҳр кўрсатилганки, дунёнинг бошқа жойида бундай ғамхўрликни кўрмаганмиз. Ёшим улғайиб бораяпти, лекин мана бу унвон, шубҳасиз, менга янги куч бағишлайди. Бундан кейин ҳам мақом санъатининг янада равнақ топишига, халқимизнинг мазкур ноёб маданий меросини дунёга кенг ёйишга ҳисса қўшишга ундайди”, деганди ўшанда Изро Малаков.