Расмий Тошкент нега толиблар билан музокара ўтказаяпти?

Ўтган ҳафта Тошкентга ташриф буюрган Доҳадаги (Қатар) «Толибон» сиёсий ҳаракати идораси Шир Муҳаммад Аббос Станизай расмийлар билан Афғонистонда амалга оширилган инфратузилма лойиҳаларининг хавфсизлигини муҳокама қилди. Бу ҳақда толибларнинг Қатардаги идораси вакили Муҳаммад Суҳайл Шаҳинга таяниб Reuters хабар берди.

Kun.uz сайтининг ёзишича, томонлар Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан ҳал этиш, хорижий қўшинларни мамлакатдан олиб чиқиш, шунингдек, хавфсизликни, жумладан, электр узатиш линиялари ва темир йўллари барпо этилаётган туманларда таъминлаш бўйича масалаларни муҳокама қилди. Учрашувда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов ва Ўзбекистон президентининг Афғонистон бўйича махсус вакили Исматилла Эргашев иштирок этди.

Толиблар делегацияси 7-10 август кунлари Ўзбекистонда бўлди. Ташқи ишлар вазирлигининг матбуот хизматига кўра, «учрашувда Афғонистонда тинчлик ўрнатиш жараёнининг истиқболлари юзасидан фикр алмашилди».

Ўзбекистон 2010 йилда Афғонистоннинг «Ҳайратон-Мозори-Шариф» участкасида 75 километр узунликдаги темирйўлни ишга туширди. Ушбу лойиҳанинг давоми сифатида «Мозори-Шариф-Қобул-Қандаҳор-Ҳирот» йўналиши бўйлаб 2000 км. узунликдаги темирйўлни қуриш режалаштирмоқда.

Ҳиндистон, Хитой, Эрон ва Покистонга чиқиши мумкин бўлган, Европадан Трансафғон транспорт йўлагининг темир йўл аналогини яратиш имконини берувчи лойиҳанинг умумий қиймати тахминан 3 миллиард долларни ташкил этади.

Бу йил Ўзбекистон 260 км. узунликдаги «Сурхон-Пули-Хумри» электр узатиш линиясини қуришни бошлади, бу Ўзбекистондан Афғонистонга электр энергияси етказиб бериш ҳажмини 70%га оширади. Лойиҳанинг тахминий қиймати 150 млн доллар, улардан – 32 млн доллар ўзбек томонидан йўналтирилади.