Ўзбекистон ҳукумати спиртли ичимликларнинг тунги вақтда сотилишини чекламоқчи

    Ўзбекистонда алкоголь маҳсулотларини сотиш вақтини чеклаш бўйича ҳукумат қарори лойиҳаси тайёрланмоқда. Бу ҳақда Газета.uz сайти ҳукуматдаги манбаларига таяниб хабар берди.

    Бош вазир Абдулла Арипов шу йилнинг 11 август бўлиб ўтган видеоселектор мажлисида дўконларда, кафе ва ресторанларда спиртли ичимликларни сотиш вақтга қараб чеклаш бўйича топшириқ берган.

    Унга кўра, алкоголь маҳсулотларини чакана савдода соат 21.00дан сўнг, умумий овқатланиш ва тантанали маросимларни ўтказиш жойларида 23.00 дан сўнг сотиш тақиқлаш кўзда тутилаяпти.

    Ҳукуматдаги манбага кўра, қарор лойиҳаси аллақачон ишлаб чиқилган бўлиб, “Aurum 898” тунги клубида юз берган воқеага тааллуқли эмас. Эслатиб ўтамиз, мазкур масканда спортчи ва қўриқлаш хизмати ходимлари ўртасида келиб чиққан жанжал оқибатида бир киши ҳалок бўлган.

    Қарор лойиҳаси, манбага кўра, мастликда содир этилаётган жиноятларнинг сонини камайтиришга қаратилган. ИИВ маълумотларига кўра, алкоголь таъсирида зўравонлик жиноятларининг қарийб 25 фоизи, қотиллик жиноятларининг 16 фоизи содир этилади.

    Нашрнинг ёзишича, мамлакат ҳудудларидаги алкоголь маҳсулотлари дўконлари эгалари маҳаллий давлат ҳокимияти идораларидан 21.00дан сўнг спиртли ичимликлар сотувини тақиқлаш бўйича кўрсатма олишган.