АҚШ Ўзбекистонга савдо имтиёзларини тақдим этиш масаласини кўриб чиқмоқда

Шу кунларда АҚШ Жанубий ва Марказий Осиё бўйича савдо вакили ёрдамчиси М. Линскотт раҳбарлигидаги АҚШ Савдо вакили офиси делегацияси аъзолари Ўзбекистонда бўлиб турибди. Делегация аъзоларини 15 август куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раисининг биринчи ўринбосари С.Сафоев қабул қилди.

Учрашувда қайд этилганидек, ҳозирги вақтда умумий ҳажми қарийб 5 млрд. долларлик келишувларни бажариш бўйича икки томонлама “йўл хариталари” амалга оширилмоқда.

Жумладан, Ўзбекистон Республикаси ва АҚШ ўртасидаги савдо муносабатларида имкон қадар қулайлик бериш тартиби амал қилмоқда. Хусусан, 2018 йил биринчи ярим йиллиги якунларига кўра Ўзбекистон ва АҚШ ўртасидаги товар айланмаси 256,8 млн. долларни ташкил этди.

Томонлар АҚШнинг Ўзбекистонга савдо имтиёзларини тақдим этиши тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун интеллектуал мулк ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мажбурий меҳнатга барҳам бериш соҳасида Ўзбекистон муайян муваффақиятларга эришганини эътироф этдилар. Учрашувда Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш масаласида АҚШ мамлакатимизни қўллаб-қувватлашга тайёр экани билдирилди.