АҚШнинг янги элчиси Даниэл Розенблум: “Танишларимнинг биринчи саволи “Ўзбекистонни харитада кўрсатиб бера оласанми?” бўлди”

АҚШ президенти Дональд Трамп Ўзбекистонга янги элчи тайинлаш бўйича қарорини Сенат тасдиқлаши учун Даниел Розенблум номзодини илгари сурди. У 23 август куни АҚШнинг ташқи сиёсат масалалари қўмитаси аъзолари олдида парламент эшитувида иштирок этди.

Сенаторлар олдида чиқиш қилар экан, дипломат унинг номзоди ҳақида янгиликлар пайдо бўлгач, оила аъзолари ва танишлари иккита саволни беришган: биринчиси, Ўзбекистонни харитада кўрсатиб бера оласанми? Ушбу мамлакатда нима бўлаётгани АҚШга нега қизиқ? Мен бу саволга АҚШ давлат котиби ёрдамчиси ўринбосари сифатида фаолиятимда ҳам жавоб берар эдим.

Жавобим оддий — икки қисмдан иборат.

Биринчиси, биз Ўзбекистон ва Марказий Осиёнинг қолган мамлакатларида юз берадиган воқеа Қўшма Штатлар ва унинг фуқаролари хавфсизлигига бевосита таъсир қилиши мумкинлиги учун эътибор қаратамиз. Биз ушбу мамлакатлар барқарор, фаровон, инсон ҳуқуқларига ҳурмат қилган ҳолда дўстона ривожланишини истаймиз. Йўқса, бунинг ҳақини уйимизда — Америкада тўлаймиз. Биз 90-йилларда Афғонистонда нима юз берганини кўрдик. Биз дунёнинг бошқа қисмида беқарорликнинг асл сабабларига эътибор қилмаслик оқибатда нималар юз берганини кўрдик. Барқарор ва хавфсиз Ўзбекистон Американинг манфаатларига хизмат қилади.

Иккинчиси, мамлакатимиз 25 йил давомида ҳокимиятга ким келишидан қатъи назар, Марказий ва Шарқий Европада коммунизмнинг қулаши натижасида юзага келган давлатларнинг суверенитети, мустақиллиги ва ҳудудий яхлитлигини қўллаб-қувватлаб келди. Минтақада битта қудратли давлат катта таъсирга эга бўлиши бизнинг на иқтисодий, на узоқ муддатли хавфсизлигимиз учун хизмат қилади. Биз Евроосиёда ҳам, Марказий Осиёда ҳам катта-кичик суверен давлатларни қўллаб-қувватлаш орқали икки томонлама манфаат кўришимиз мумкин…
Ўзбекистон шу кунларда мустақил давлат сифатида ўз тарихида ажойиб даврларни бошидан ўтказмоқда. Охирги икки йил давомида, бир неча ой муқаддам Президент Шавкат Мирзиёев Вашингтонга ташриф буюриб, Президент, ҳукумат аъзолари, конгресс, АҚШ бизнес ҳамжамияти вакиллари билан мулоқот ўтказди.

“Бутунлай суверен Ўзбекистон ким билан қандай ҳамкорлик қилишни эркин танлай олиши Америка манфаатлари учун хизмат қилади”, — деди Розенблум қонунчилар олдида сўзлар экан.

Унинг фикрича, эркинлик ва қонун устуворлиги Ўзбекистонни ёрқин келажак томон етакловчи энг муҳим омиллардир.

Республикада Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида кенг қамровли ислоҳотлар бошланган. Уларнинг ижобий натижалар бериши учун АҚШ ўз ҳиссасини қўшиши, Ўзбекистон халқини яқиндан қувватлаши керак, деди дипломат.

Хўш, Розенблум фаолияти давомида нималарга алоҳида эътибор қаратмоқчи? Булар қуйидагилар:

1. Афғонистонда тинчликни таъминлаш, минтақа хавфсизлигини ҳимоя қилиш, халқаро муаммоларга қарши курашда фаоллик кўрсатиш.

2. Ўзбекистонда ислоҳотлар жадаллашиши йўлида ҳаракат қилиш. Ҳозиргига қараганда барча жабҳаларда кўпроқ мадад кўрсатиш.

3. АҚШ хусусий секторини жалб этиб, инвестиция қилиш учун зарур шароит яратилишида кўмаклашиш.

4. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликни тарғиб қилиш. Ижобий ўзгаришларни олқишлаб, камчилик ва муаммоларни конструктив тарзда танқид қилиб, тизим яхшиланишига ҳисса қўшиш.

5. Икки халқни яқинлаштириш — турли алмашинув дастурлари, маданий ва илмий программалар орқали ёшларга имкониятлар яратиш, ҳамжиҳатлик ва ўзаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш.

Розенблум 2014 йилдан бери АҚШнинг Марказий Осиёга нисбатан дипломатиясига бош-қош эди. Унгача Давлат департаментида турли бошқа лавозимларда ҳам минтақа, хусусан Ўзбекистон билан ишлаган.

Касаба уюшмалари ва меҳнат ҳуқуқлари бўйича ҳам тажриба эга, чунки бу йўналишларда ҳам хизмат қилган.

Розенблум АҚШнинг нуфузли Йэл ва Жонс Хопкинс университетларини битирган. Огайо штатидан зиёли оиласидан чиққан. Оилали, икки фарзанди бор.