Давлат маслаҳатчилари Хайриддин Султонов ва Қаҳрамон Қуронбоев лавозимидан озод қилинди

Ўзбекистон президенти девони давлат раҳбари фаолиятини таъминлаш ҳамда унинг топшириқ ва қарорлари ижроси устидан назорат ўрнатиш билан шуғулланувчи президент админстрацияси этиб қайта ташкил этилди. Бу ҳақда «Газета.uz”нинг ҳукуматдаги ахборот манбаси хабар қилди.

Президент админстрациясига бунга қадар президент ижро аппаратини бошқариб келган Зайнилобиддин Низомиддинов раҳбар этиб тайинланди.

Президентнинг давлат маслаҳатчилари институти фаолияти тугатилмоқда. Эндиликда улар президент маслаҳатчилари ҳисобланишади.

Президентнинг ёшлар сиёсати масалалари бўйича собиқ давлат маслаҳатчиси Қаҳрамон Қуронбоев президент маъмуриятининг илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича сектори раҳбари Абдужаббор Абдувоҳидов ўринбосари этиб тайинланди.

Маданият, матбуот ва ижодий ташкилотлар масалалари бўйича давлат маслаҳатчиси бўлиб ишлаган Хайриддин Султонов ҳам вазифасидан озод этилди. Мазкур секторда Абдужаббор Абдувоҳидов вақтинча раҳбар вазифасини бажаради.

Султонов давлат раҳбари спичрайтери сифатида фаолиятини давом эттиради.

Президентнинг қолган маслаҳатчилари ўз лавозимларини сақлаб қолди. Эндиликда улар бош вазир ўринбосарлари фаолиятини мониторинг ва назорат қилади, улар билан биргаликда ишлайди.

«Президент маслаҳатчиларининг шахсий жавобгарлиги оширилади», — деди ахборот манбаси.