Вестминстер университети талабаси Саидакбархон Акбаров Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари этиб тайинланди

Тошкентдаги Вестминстер университетида ҳали яна бир йил ўқийдиган талаба — Саидакбархон Акбаров Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси ўринбосари вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. “Дарё”—Live” телеграм канали ёзишича, уни ушбу лавозимга тайинлаш ҳақидаги таклиф Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан 29 июнь куни Олмазор туманида бўлиб ўтган фаоллар йиғилишида берилган эди.

Қўмита раиси ўринбосарлигидан аввал тил ўргатувчи бир неча ўқув марказларининг раҳбари ҳисобланган Саидакбархон Президент қаршисида қилган чиқишида Ўзбекистонда туризмни ривожлантириш учун хизмат кўрсатувчи ходимлар (таксистлар, меҳмонхона ходимлари, емакхоналардаги ишчилар ва ҳ.к.)га чет тилларини ва хизмат кўрсатиш сир-асрорларини ўргатиш, бунинг учун ўқув марказлари тармоғини ташкил этиш мақсадга мувофиқлигини таъкидлаган эди.

Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ахборотига кўра, Саидакбархон 2013 йилдан бери ўқув марказларини бошқариб келади. Шунингдек, онлайн таълим бўйича дастур ишланмаси билан шуғулланиб, у билан Ислом тараққиёт банкининг инвестициялар жалб этиш бўйича танловида қатнашган. БМТнинг Германияда ўтказилган халқаро конференцияларда иштирок этган.

Саидакбархон Туризм-қўмитада ёшлар туризмини ривожлантириш, инновацион ғоялар ва смарт-туризмни жорий этиш, шунингдек, ушбу соҳада таълим хизматларини такомиллаштириш масалаларига масъул этиб тайинланган.

Шундай қилиб, Ёшлар куни (30 июнь) ва Ёшлар куни арафасида (29 июнь) Президент эътиборига тушиб, ҳукумат таркибидан жой олган ёшлар сони энди камида учта. Ўтган йил 30 июнида Ёшлар қурултойидаги чиқишидан сўнг Алишер Саъдуллаев (у ҳам тил ўргатувчи ўқув марказ раҳбари эди) халқ таълими вазири ўринбосари, Олимжон Тўйчиев эса Фан ва технологиялар агентлиги бош директори ўринбосари этиб тайинланган эди.