Равшан Шавкатович Изамов Ҳукумат қарорига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатасининг раиси этиб тайинланди.
Эслатиб ўтамиз “Ўзбекистон Республикасида соғлиқни сақлашни бошқаришнинг инновацион моделини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (http://lex.uz/docs/3846720)билан Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси ташкил этилган эди.
Халқаро стандартларга мос соғлиқни сақлаш инфратузилмасини яратишга, шу жумладан, тиббиёт ва фармацевтика ташкилотларини замонавий ускуналар ва илғор ахборот-коммуникация технологиялари билан жиҳозлаш Миллий палатанинг асосий вазифаcи ҳисобланади.
“Буюк келажак” экспертлар кенгаши сайтида ёзилишича, 1977 йилда туғилган Равшан Изамов Буюк Британия соғлиқни сақлаш — NHS (National Health System) тизимида фаол иш олиб борган. Қатор хусусий клиника ва тиббиёт муассасалари фаолиятини қўйишга бош-қош бўлган.
Экспертлар кенгаши вакили Ойбек Шайховнинг Facebook’даги саҳифасида ёзилишича, Равшан Изамов “соҳадаги ҳақиқий профессионал, нафақат юқори малакали шифокор, айни пайтда тиббиёт соҳасидаги ташкилотларни бошқаришда катта тажрибага эга”.