Тошкентда янги айфоннинг энг арзони 1550 доллардан сотилмоқда

АҚШда янги iPhone XS ва iPhone XS Max сотувга чиқарилганидан бир кун ўтиб, Apple’нинг янги флагман смартфонлари Тошкентдаги «Малика» («Флешка») технобозорида ҳам пайдо бўлди.

Daryo — live’нинг ёзишича, сотувчилардан бирининг сўзларига кўра, қурилмалар АҚШдан олиб келинган, харид қилмоқчи бўлсангиз, исталган рангдаги кўриниши бор (ўзи уч хил — Silver, Space Gray ва Gold рангларида чиқарилади). Тошкентда iPhone XS ҳам, унинг каттароқ «акаси» iPhone XS Max ҳам сотилмоқда.

Нархи эса модели ва хотирасининг катта-кичиклигига қараб фарқланади (хотира модули уч хил — 64, 256 ва 516 гигабайт). Ҳозирча «Малика»даги энг арзон iPhone XS — 1550 доллар. АҚШда худди шунақаси 999 доллардан сотилмоқда. Энг қиммат, хотираси 512 гигабайт бўлган iPhone XS Max эса АҚШда 1499 доллардан, Тошкентда 2200 доллардан сотилмоқда.

Қизиқ томони, АҚШда янги айфонларнинг кўчадаги дўконлар ва Apple Store Online онлайн дўконлари орқали расмий савдоси 21 сентябрь куни бошланди. Агар ҳозир расмий сайт орқали смартфонга буюртма берсангиз, у 1—2 ҳафтада етказиб берилади. АҚШнинг ўзидаги Apple’нинг кўча дўконларида эса смарфтонни сотиб олиш учун катта-катта навбатлар юзага келган.

28 сентябрдан эса яна бир қатор мамлакатларда янги айфонлар расман сотила бошлайди — лекин улар орасида Ўзбекистон йўқ барибир.