Бухорода автобус ҳалокатга учраши оқибатида 5 киши вафот этди

Жорий йилнинг 18 сентябрь куни эрталаб соат 08:30ларда Бухоро вилояти Когон тумани ҳудудидан ўтувчи Бухоро-“Қоровулбозор” магистрал йўлида 26 нафар йўловчиси бўлган автобуснинг йўл транспорт ҳалокатига учраши ва газ баллони портлаши оқибатида 4 киши воқеа жойида, 1 киши эса касалхонада вафот этди.

ЎзАнинг хабар беришича, 5 нафар оғир бемор РШТЁИМ Бухоро филиалига ётқизилди. 7 нафар беморнинг аҳволи ўрта оғирликда, 9 нафарининг аҳволи енгил бўлиб, улар Когон шаҳар тиббиёт бирлашмаси шошилинч тез тиббий ёрдам бўлимига ётқизилган.

Жароҳатланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш учун барча зарурий чоралар кўрилиб, РШТЁИМ дан хирург, нейрохирург ва реаниматолог мутахассислари санавияция тармоғи орқали юборилди.

Ҳозирда жабрланганларнинг шахси тўғрисидаги маълумотлар аниқланмоқда.

Автоҳалокат сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси тузилди.