АҚШ ўзбек пахтасини “қора рўйхат”дан чиқарди. Бу Ўзбекистонга нима беради?

    АҚШ Меҳнат вазирлиги жаҳондаги мажбурий меҳнат ва болалар меҳнатига доир янги ҳисоботини эълон қилди. Ҳисобот Ўзбекистон учун бир қадар фойдали чиқди — АҚШ ўзбек пахтасини болалар меҳнати орқали етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарди.

    Ўзбек пахтаси, 2002—2008 йиллардаги маълумотлар асосида, АҚШ Меҳнат вазирлиги томонидан болалар меҳнати билан етиштирилган маҳсулотлар рўйхатига киритилган эди; ўша маълумотларга кўра, бундан 10 йиллар аввал пахта йиғим-теримига болалар 7 ёшдан бошлаб жалб этилган. 2015 йилдан пахта майдонларида болалар меҳнатидан фойдаланиш кўлами сезиларли қисқарган. Сўнги маълумотларга кўра, яккам-дуккам ҳолатларни айтмаса (уларга ҳукумат, аввалги йиллардан фарқли ўлароқ, зудлик билан муносабат билдириб, айбдорларга чора кўришни бошлаган), пахта далаларида болалар меҳнати учрамайди.

    АҚШ Меҳнат вазирлигининг қайд этишича, ушбу муаммо Ўзбекистон ҳукумати, Халқаро меҳнат ташкилоти, халқаро нодавлат ташкилотлар ва АҚШ ҳукуматининг биргаликдаги мақсадли саъй-ҳаракатлари сабаб ҳал этилган. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистон сўнгги 10 йилдан бери пахта далаларидаги болалар меҳнати, болаларнинг мажбурий меҳнати ва катталарнинг мажбурий меҳнати сабаб катта босим остида эди. Хусусан, 2013 йили АҚШ Давлат департаменти Одам савдоси бўйича ҳисоботида пахта теримида катталар ва болаларнинг мажбурий меҳнатидан фойдалангани учун Ўзбекистоннинг даражасини учинчи бандгача пасайтирган.

    Болалар меҳнати билан етиштирилган маҳсулотлар рўйхатидан чиқарилгани билан, ўзбек пахтаси (худди ўзбек пилласи каби) мажбурий меҳнат орқали етиштирилган маҳсулотлар рўйхатида ҳамон турибди: ҳисоботга кўра, 2017 йили пахта теримига 300 минг вояга етган шахс мажбурий равишда жалб этилган.

    Шу муносабат билан, АҚШ Меҳнат вазирлигининг Халқаро меҳнат масалалари бўйича бюроси Ўзбекистон расмийларига бир неча тавсия берган. Биринчидан, теримига кўплаб одамларни сафарбар этишга мажбур қиладиган пахта режасини қайта кўриб чиқиш керак (балки камайтириш керакдир, дейишмоқчи, шекилли). Иккинчидан, мажбурий меҳнатни йўқотиш ҳамда ишга ёллаш ва меҳнат шароитларини яхшилаш (масалан, терилган бир кило пахтанинг нархини ошириш) йўли билан теримчиларни кўнгилли (ихтиёрий) равишда жалб этиш чораларини кўришда Халқаро меҳнат ташкилоти билан ҳамкорликни давом эттириш лозим.

    Ўзбекистон бу қарорни қандай кутиб олди?

    Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги ушбу янгилик ҳақида баёнот берди. Унда “қарорлар фуқароларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида мамлакатимиз эришаётган ютуқларнинг навбатдаги эътирофи бўлиб, Ўзбекистонда ишлаб чиқарилган пахтанинг АҚШ бозорига кириши учун янги истиқболлар очади”, дейилади.

    Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов “Twitter” саҳифасида бу қарорни олқишлаган ва АҚШ Меҳнат департаментига “узоқ кутилган қарорга келишда холислик учун” миннатдорлик билдирган. “Биз бу қарорни Ўзбекистон ҳукуматининг бу борада эришган ютуқларининг эътирофи деб ҳисоблаймиз” деган Ўзбекистон элчиси.

    Ўзбек пахтасининг АҚШ «қора рўйхати»дан чиқарилиши мамлакатга дунёнинг таниқли брендлари билан ҳамкорлик қилиш имкониятини беради. Бу ҳақда Ташқи савдо вазирлиги дунё бозорларининг ривожланиши таҳлили ва прогнози бошқармаси бошлиғи Акмал Эшниёзов маълум қилди.

    «Ўзбекистон ҳукумати, Халқаро меҳнат ташкилоти ва халқаро ноҳукумат ташкилотларининг ҳамкорликдаги ҳаракатлари туфайли бу натижага эришилди. Мазкур ҳолат дунё саҳнасида Ўзбекистон имиджига ижобий таъсир кўрсатади ва Gucci, Louis Vuitton, H&M, OGGI, Adidas, Nike ва бошқа етакчи хорижий брендлар билан ҳамкорликка йўл очади», — дейди Акмал Эшниёзов.

    Вазирлик вакилига кўра, энди ўзбек тўқимачилик маҳсулотларининг ривожланган давлатлар, жумладан, Евроиттифоқ, Шимолий Америка ва Япония бозорларига экспортини ошириш имконияти туғилади.

    «Корзинка.уз» супермаркетлар тармоғи асосчиси ва раҳбари Зафар Ҳошимовнинг сўзларига кўра, бу воқеа нафақат «барча деҳқонларимиз ҳамда тўқимачилик соҳаларимиз учун», балки «бутун иқтисодиётимиз ва мамлакатимиз обрў ва нуфузи учун жуда катта хушхабардир».

    Ўзбек пахтасига бойкот тўхтайдими?

    Блогер, ҳуқуқшунос Хушнудбек Худайбердиевнинг ёзишича, 2009 йили Cotton Campaign Ўзбекистоннинг текстиль ва пахта маҳсулотларига бойкот эълон қилиш чақириғи билан чиқди. Бойкотга 170 дан ортиқ жаҳоннинг машҳур брендлари ва компаниялар қўшилди. Улар орасида Adidas, Gucci, IKEA, Levi Strauss & Co, Nike, Yves Saint Laurent, Zara каби брендлар ҳам бор эди.

    Жорий йилнинг май ойида “Cotton Campaign” делегацияси биринчи марта Ўзбекистонга ташриф буюрди. Бу тарихий ташриф эди. Аммо минг афсуски ўзимизининг ОАВдан бу ҳақида маълумот берилмади (балки мен кўрмагандирман). Фақатгина “Америка овози” нашридан Навбаҳор Имомова ушбу ташриф ҳақида алоҳида репортаж тайёрлаганини кўрдим.

    Энг қизиғи, Коттон Кампейннинг Ўзбекистонга ташрифи давлатимиз раҳбарининг АҚШ сафари олдидан бўлиб ўтган эди.

    Ташриф давомида Коттон Кампейннинг йирик делегацияси (10 дан ортиқ аъзо) Ўзбекистондаги давлат ва нодавлат ташкилотларида учрашувлар ўтказди, мажбурий меҳнат ва пахта йиғим терими бўйича жиддий муҳокамалар бўлган эди.

    Бугунги муносабат қандай?

    Коттон Кампейн бугунги Ўзбекистонни илиқ қарши олмоқда. Бунга бир қанча сабаблар бор.

    Биринчидан, Шавкат Мирзиёевнинг БМТдаги нутқи улар томонидан қўллаб-қувватланди;

    Иккинчидан, улар билан диалогга киришилгани, ҳамкорлик қилишга мойиллик билдирилгани. Ёдингизда бўлса, 2017 йил октябрь ойида Ўзбекистон ҳукумати 13-Халқаро пахта ярмаркасига Коттон Кампейн делегациясини ҳам таклиф қилганди. Лекин айрим сабабларга кўра, улар кела олишмаган. Мана, май ойида уларга расмий ташриф билан келишга рухсат берилди. Диалог – бу муаммонинг ярми ечилди дегани, менимча.

    Учинчидан, охирги 1 йил ичида мажбурий меҳнатга чек қўйилишига оид ҳукуматнинг қатъий позицияси билдирилаётгани.

    Коттон Кампейннинг Ўзбекистонга эътирозлари агрессивликдан анча юмшоқ характерга ўтган. Улар кўпроқ мавжуд муаммоларга тавсиялар беришни маъқул кўришмоқда. Чунки аввал айтилган тавсиялар уммонга отилган тошдек изсиз кетар эди, бугун эса уларни эшитишаётгани, улар билан мулоқот қилишаётгани вазиятни анча ижобий томонга ўзгартирган, лекин ҳозирча бутунлайга эмас.