Нуқтаи назар: Нега Памела Спратленнинг Ўзбекистонда “кетмони учди”?

Айрим одамлар табиатан омадли бўлишади. Яратганнинг ўзи уларга керакли вақтда катта ишларни амалга ошириш имконини беради. АҚШнинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Памела Спратлен хоним ҳақида ҳам шундай дейиш мумкин.

Кўпчилик унинг Тошкентга тайинланиши турлича қабул қилган эди. Чунки у “инқилобсевар” Қирғизистондан Ўзбекистонга келган эди. Шунинг учун ҳам унга кўпчилик ишонқирамасдан қарар эди.

Аммо расмий Тошкент унга дарҳол лутф кўрсатди. У Ўзбекистонга келиши биланоқ — орадан 48 соат ўтмасдан ташқи ишлар вазири унинг ишонч ёрлиғини қабул қилган бўлса, орадан 10 кун ўтиб — Спратлен хонимни раҳматли Ислом Каримов қабул қилди. Бу жамоатчиликка, сиёсий доираларга яққол сигнал эди. Буларнинг барчаси 2015 йилнинг бошида, аниқроғи январь ойида юз берди.

Албатта, буни ўша пайтда тушуниш мумкин эди. Чунки Ўзбекистон Россия ва Хитойнинг Марказий Осиёга интилиши тобора кучайиб турган бир пайтда АҚШ тимсолида стратегик муносабатларни жонлантиришга уриниб кўрмоқчи эди.

Памела Спратлен Америка манфаатларини илгари суриш билан бир қаторда Ўзбекистон ҳукуматининг истак-хоҳишлари ҳамда хавотирларини яхши англар эди. Икки томон вазиятни яхши тушунар эди: жуда қисқа муддатларда орадаги совуқчиликни унутиб, опоқ-чопоқ бўлиб кетишнинг иложи йўқ эди.

Шундан бўлса керак, томонлар турли расмий баёнотлар, олий даражадаги олий учрашувлардан кўра ҳамкорликнинг амалий жиҳатларига кўпроқ эътибор қарата бошлади. Давлат департаменти ва АҚШ қуролли кучлари марказий қўмондонлиги раҳбарияти Тошкентга серқатнов бўлиб қолди. АҚШ сиёсий элитасида Ўзбекистонга нисбатан сиёсий баёнотлар камайди, Ўзбекистон ҳукумати учун ҳам бу аҳамиятсиздек туюларди ўша пайтлар. Афғонистондаги инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишда Ўзбекистон асосий ижрочилардан бирига айланди. Бунда ҳам АҚШнинг сиёсий дастаклари бор эди. Илк марта АҚШ ҳукумати Ўзбекистонга беғараз ҳарбий ёрдам бера бошлади. Буларнинг барчаси Ислом Каримов ҳаётлигида юз берди.

Памела Спратлен сиёсий жараёнлардан ортиб, ўша даврда гуманитар мулоқотга ҳам урғуни кучайтирди. Илмий, академик тажриба алмашишлар, санъат учрашувларини ташкил қилиш, турли маданий тадбирларни уюштиришга мунтазамлик касб этди.

Сўнгги ўн йилда шаклланган совуқ муносабатлар нафақат сиёсий доираларда, балки одамлар онгига ҳам салбий таъсир кўрсатганини элчи хоним яхши тушунарди. Шунинг учун ҳам  халқ дипломатиясидан унумли фойдалана бошлади.

Яна бир жиҳат, элчи хоним ўзбек оммавий ахборот воситаларининг яқин дўстига айланди. Памела Спратлен журналистлар учун жуда очиқ ва яқин эди. Ҳар қандай мавзуда у интервью беришдан тап тортмасди. Балки АҚШ позициясини айтиш, ўзбек ҳукумати ва халқига ўз ниятларини етказиш шу тактикага танлаган бўлса ҳам ажаб эмас.

Янги Президент. Янги Ўзбекистон

2016 йил сентябрь ойида Шавкат Мирзиёев ҳокимиятга келиши, аксарият экспертларнинг прогнозларига қарамасдан, Памела Спратленнинг иш кўламини каррасига оширди.

Шавкат Мирзиёев Президент вазифасини бажарувчи лавозимига киришар экан, ташқи сиёсатдаги приоритетларни аниқ баён этди. Кейинчалик инсон ҳуқуқлари, қўшнилар билан мулоқотнинг ижобий томонга ўзгара бошлагани халқаро ҳамжамиятнинг, жумладан, АҚШ билан муносабатларга туртки бўла бошлади.

Памела Спратлен жуда қисқа муддатда Америка ва Ўзбекистон ўртасидаги кўринмас муносабатларни олий даражадаги учрашувлар даражасигача олиб чиқа олди. Шавкат Мирзиёев Дональд Трамп билан турли саммитлар доирасида икки марта учрашди. Ўзбек дипломатларининг АҚШга, АҚШ дипломатларининг Ўзбекистонга ташрифлари жадаллашди.

Ва ниҳоят — 2018 йилнинг май ойида Шавкат Мирзиёев Оқ уйга тарихий ташриф билан борди, Дональд Трамп билан мулоқот ўтказди. Асосийси, конгресс, Давлат департаменти, пентагонда амалий музокаралар бўлиб ўтди. Бундай ташриф дастурини мазмунан бойитишда, шубҳасиз, Памела Спратлен ҳал қилувчи ролни бажарди. Чунки жуда катта ҳажмдаги тайёргарлик ишлари бажарилди. Баъзан у бир кунда Ўзбекистондаги учта идорада учрашувлар ўтказгани ҳақида ҳам оммавий ахборот воситалари хабар берган эди.

Памела Спратлен “Америка овози” мухбири Ўзбекистонда аккредитациядан ўтказилишида, қолаверса, ACCELS дастури рўйхатдан ўтказилишида фаоллик кўрсатди. Умуман, сўнгги икки йилда икки давлат ўртасида юз берган ўзгаришларни қанча гапирсак, шунча кам.

Яна бир гап. Ўтган йилнинг кузида Нью-Йоркда асли келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган Сайфулло Соипов томонидан теракт содир этилди. 8 киши ҳалок бўлди. Шу пайтлар Ўзбекистон фуқароларига нисбатан виза чекловлари жорий этилиши ҳақида гап-сўзлар урчиди. Ўшанда элчи хоним теракт АҚШ ва Ўзбекистон муносабатларига салбий таъсир қилмайди, дея қатъий баёнот берган эди.

“Ўзбекистон ҳозиргача бирор чеклов ёки алоҳида чора билан юзлашади, деган гап йўқ. Террор хуружларининг таъсири кучли ҳар доим, лекин Ўзбекистонга нисбатан салбий қарашни сезмаяпман. Бу воқеадан кейин Лиза Куртис (Оқ уй расмийси) Ўзбекистонга келиб кетди. Конгрессдан саккиз кишилик делегация келиб кетди. Президент Мирзиёев ва Президент Трамп телефонда гаплашди. Битта воқеа билан алоқалар издан чиқмайди», деган АҚШ элчиси.

Памела Спратлен чин маънода Ўзбекистоннинг дўстига айланди. Шунинг учун ҳам унинг миссияси якунланиши муносабати билан Шавкат Мирзиёев элчини қабул қилиб, икки томонлама муносабатларни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатларини муносиб баҳолади ва “Дўстлик” ордени билан тақдирлади.

President.uz

Памела Спратлен ўзгача Ўзбекистонга келиб, бутунлай ўзгарган Ўзбекистондан кетмоқда. У Ўзбекистон сиёсий доираларининг шарқона фалсафасини чуқур тушунди, шу асосда босиқлик билан ишлади, масъуллар билан ҳам, ўзбек халқи билан тил топиша олди. Бугун бунга шубҳа йўқ. Унинг Ўзбекистонда “кетмони учиши”нинг сабаби, аслида, шу.

Мурод Ғофуров