Ўзбекистон мактаб ишлари бошқарувини ислоҳ қилади

Шавкат Мирзииёев “Халқ таълимини бошқариш тизимини такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони эълон қилинди. Фармонда қайд этилишича, ушбу соҳадаги ишлар ҳолатини танқидий таҳлил қилиш халқ таълими тизими бошқарувини ташкил этиш, давлат умумий ўрта таълим муассасаларининг фаолиятини амалий жиҳатдан мувофиқлаштириш, уларнинг моддий-техник ҳолатини яхшилаш бўйича тадбирларни молиялаштиришда бир қатор муаммолар ва камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Жумладан:

Халқ таълимини бошқаришдаги асосий муаммолар

биринчидан, жойларда умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида давлат сиёсатини амалга ошириш, умумтаълим муассасалари раҳбарларини танлаш ва жой-жойига қўйиш масалаларини ҳал этиш, идоравий мансуб ташкилотларнинг мулкидан самарали фойдаланишда халқ таълими бошқарув органлари ролининг етарли даражада эмаслиги;

иккинчидан, умумтаълим муассасалари раҳбарлари зиммасига уларга хос бўлмаган вазифалар ва функцияларни юклаш, муассаса директори ва унинг ўринбосарлари ўртасида ваколатларнинг аниқ тақсимланмаганлиги, улар фаолияти самарадорлигини баҳолашнинг аниқ мезонлари ва параметрлари мавжуд эмаслиги;

учинчидан, умумий ўрта таълимнинг долзарб масалалари ва уларнинг натижаларини амалиётга татбиқ этиш бўйича чуқур илмий тадқиқотларнинг мавжуд эмаслиги, ўқув-тарбия жараёнини услубий таъминлаш масалаларида халқ таълими бўлимлари ва умумтаълим муассасалари ўртасида ўзаро ҳамкорлик даражасининг пастлиги;

тўртинчидан, раҳбарлар, ўқитувчилар ва умумтаълим муассасалари бошқа ходимларининг касбий фаолиятига асоссиз равишда аралашувдан ҳимоя қилиш механизмларининг самарасизлиги, назорат қилувчи ва бошқа давлат органлари томонидан мактабларни текшириш ҳаддан зиёд кўпайиб кетганлиги;

бешинчидан, таълим сифатини таъминлаш, ўқитувчиларнинг билим даражасини ва педагогик маҳоратини ошириш масалаларида умумтаълим муассасалари фаолиятидаги очиқлик ва шаффофлик даражасининг етарли даражада эмаслиги, ўқув-тарбия жараёни устидан самарали жамоатчилик назоратининг мавжуд эмаслиги;

олтинчидан, халқ таълими тизими муассасаларини молиялаштириш ва моддий-техник таъминлаш механизмининг мукаммал эмаслиги, уларнинг фаолиятига замонавий меъморий ечимлар, инновацион ишланмаларни ва ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш даражасининг пастлиги.

Мактаб таълими ислоҳотлари қандай амалга оширилади?

Умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни сифат жиҳатидан янги даражага кўтариш, ҳар томонлама камол топган авлодни тарбиялаш, ўқувчиларнинг маънавий-ахлоқий ва интеллектуал ривожланишини таъминлаш;

ушбу соҳада ягона давлат сиёсатини амалга оширишда Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлигининг мувофиқлаштирувчи роли ва масъулиятини кучайтириш, шунингдек, вазирликлар, идоралар, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг мазкур йўналишдаги вазифалари, функциялари ва ваколатларини аниқ белгилаш ва тартибга солиш;

раҳбар ва педагог ходимларни танлаш, тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг илғор ва шаффоф ташкилий-ҳуқуқий механизмларини татбиқ этиш йўли билан халқ таълими тизимида кадрлар сиёсатини шакллантиришнинг замонавий тамойилларини жорий этиш;

халқ таълими муассасаларини бошқариш тизимига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш, шаффоф ва самарали жамоатчилик назоратига эришиш, шу жумладан, барча муассасаларнинг телекоммуникация тармоқларига уланишини таъминлаш, барча фойдаланиши мумкин бўлган маълумотлар манбасини яратиш, уларнинг фаолиятини баҳолашнинг электрон рейтинг тизимини жорий этиш;

халқ таълими муассасалари ходимларини моддий рағбатлантиришни ва ижтимоий муҳофаза қилишни яхшилаш, уларнинг самарали ишлаши учун муносиб шароитларни яратиш;

зарур ташкилий-ҳуқуқий ва техник-иқтисодий шароитларни яратиш йўли билан умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълим соҳасида нодавлат хизматларни кўрсатишга оид фаолият билан шуғулланувчи юридик шахслар (кейинги ўринларда – нодавлат умумтаълим ташкилотлари) тармоғини янада ривожлантириш, ушбу соҳага давлат-хусусий шерикликнинг турли шаклларини самарали жорий этиш;

халқ таълими тизимига илғор хорижий тажрибани, ўқув-тарбия жараёнига замонавий педагогик технологияларни, шу жумладан, таълим беришнинг инновацион усулларини жорий этиш, ўқув ва ўқув-услубий адабиётларнинг янги авлодини яратиш, фундаментал ва амалий илмий тадқиқотларни амалга ошириш.

Қандай аниқ чора-тадбирлар кўзда тутилаяпти?

Умумий ўрта таълим давлат таълим стандартлари ва мактабдан ташқари таълимга қўйиладиган давлат талаблари умумий ўрта таълимни молиялаштириш учун Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети параметрларида назарда тутилган маблағлар ҳисобга олинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири томонидан тасдиқланади.

Тизимдаги барча бўғиндаги бошлиқларни лавозимга тайинлаш ва лавозимдан озод этиш маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари билан келишилмасдан Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири томонидан амалга оширилади.

Муваффақиятли фаолият юритаётган мактаблар негизида тармоқли мактабларни ташкил этиш, ушбу тармоққа юкламаси паст коэффициентли мактабларни киритиш ҳақидаги қарор Ўзбекистон Республикаси халқ таълими вазири томонидан қабул қилинади.

2019 йил 1 январдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекцияси томонидан туманлар ва шаҳарлар кесимида танлаш асосида умумтаълим муассасалари фаолияти самарадорлиги бўйича рейтинги тузилади. Рейтинг якунлари оммавий ахборот воситаларида ва Давлат инспекциясининг веб-сайтида кейинги ўқув йили бошланишидан кечиктирмай жойлаштирилади;

2019 йил 1 январдан бошлаб умумтаълим муассасалари ходимлари бўлган пенсионерларга, уларнинг ушбу муассасалардаги фаолияти асосий иш жойи ҳисобланган тақдирда, пенсия тўлиқ миқдорда тўланади.

2019 йил 1 мартдан бошлаб давлат умумтаълим муассасаларига болаларни Давлат хизматлари марказлари ёки Ўзбекистон Республикаси Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали қабул қилиш тартиби босқичма-босқич жорий этилади.

Жойдаги ҳокимлар мактабга ёрдам берадими?

Фармонга кўра, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимлари халқ таълими муассасаларини қўллаб-қувватлаш ва уларнинг инфратузилмасини ривожлантириш масаласида ҳар томонлама кўмаклашади, хусусан:

тегишли ҳудудда умумтаълим муассасаларига ёрдам кўрсатишни ташкил этиш ва мувофиқлаштириш, шу жумладан, ўқитувчилар ва ушбу соҳа ходимларининг мақомини яхшилашга ва оширишга ёрдам бериш;

халқ таълими муассасаларига кўмаклашиш масалалари бўйича вазирликлар, идоралар ва бошқа ташкилотларнинг ҳудудий бўлинмалари раҳбарларининг ҳисоботларини белгиланган тартибда эшитиш;

нодавлат умумий ўрта таълим ташкилотларига бериш учун бўш ер участкалари (ҳар бир ҳудудда йилига 50 лотдан кам бўлмаган) рўйхатини тасдиқлаш ва улардан доимий фойдаланиш ҳуқуқини “E-IJRO AUKSION” ягона электрон савдо майдончасида реализация қилиш;

халқ таълими муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал ва жорий таъмирлаш, уларга туташ ҳудудларни ободонлаштириш, инфратузилмани (тротуарлар, йўллар ва бошқалар) зарур ҳолатда сақлаш бўйича буюртмачи функциясини амалга ошириш;

халқ таълими муассасаларини электр энергияси, табиий газ, ичимлик суви, зарур санитария-гигиена шароитлари ва бошқа коммунал хизматлар билан узлуксиз таъминлаш;

туманлар (шаҳарлар) комплекс ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш бўйича сектор раҳбарлари билан биргаликда халқ таълими муассасаларини ўқув йилига ва куз-қиш мавсумига ўз вақтида ва самарали тайёрлаш тадбирларини амалга ошириш;

умумтаълим муассасаларининг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, ҳудудлар атрофини ўраш, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, видеокузатув камералари, ёнғинга қарши сигнализация тизимларини, кириш йўлларида қоидабузарликларни қайд этувчи қурилмаларни ўрнатиш чора-тадбирларини кўриш;

халқ таълими муассасалари ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш;

халқ таълими муассасаларидаги мавжуд муаммоларни тез ва самарали ҳал қилиш бўйича бошқа чоралар кўрилишини ташкил этиш учун шахсан жавоб беради.

Мактаблар фаолиятида ота-оналар ўрни қандай бўлади?

2018 йил 1 октябрдан бошлаб умумтаълим муассасаларининг васийлик кенгашлари тугатилади. Таркибига муассаса фаолиятига жиддий ҳисса қўшишга қодир энг фаол ота-оналар, битирувчилар, ҳомийлар ва бошқа шахслар киритиладиган, юридик шахс мақомисиз умумтаълим муассасаларининг кузатув кенгашлари ташкил этилади.

Қуйидагилар умумтаълим муассасаси кузатув кенгашининг асосий вазифалари этиб белгиланди:

Вазирлик томонидан тавсия этилган номзодлардан умумтаълим муассасаси раҳбарини сайлаш, шунингдек, белгиланган тартибда уни эгаллаб турган лавозимидан озод этиш ҳақида таклифлар киритиш;

умумтаълим муассасини ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилаш;

умумтаълим муассасаси раҳбарининг муассаса фаолиятини такомиллаштириш, молиявий-хўжалик ҳолати, даромадлар ва харажатлар, бюджет, бюджетдан ташқари, ҳомийлик ва бошқа маблағлардан фойдаланиш бўйича кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида ҳисоботларини вақти-вақти билан тинглаш;

умумтаълим муассасаси раҳбарининг тақдимномаси бўйича йиллик молиявий режаларни, кўрсатилаётган пуллик хизматлар нархининг миқдорларини ва муассаса мулкидан фойдаланганлик учун ижара ҳақи миқдорини, шу жумладан, аукциондаги бошланғич нархни кўриб чиқиш
ва тасдиқлаш;

ўқувчилар учун яратилган шароитлар устидан тизимли равишда мониторинг ўрнатиш;

ўқувчилар ва улар ота-оналарининг мурожаатларини кўриб чиқиш, умумтаълим муассасасининг педагог ва раҳбар ходимлари фаолияти тўғрисида ижтимоий сўровларни ўтказиш;

таълим муассасасининг фаолиятини ташкил этишга тааллуқли бошқа масалаларни ҳал қилишда иштирок этиш.

Прокуратура мактаблардаги ноқонуний текширишлар устидан назоратни кучайтиради

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси айбдор шахсларга нисбатан қонун ҳужжатларига мувофиқ қатъий жавобгарлик чораларини қўллаган ҳолда умумтаълим муассасалари фаолиятини ноқонуний текширишга йўл қўймаслик устидан назоратни кучайтиради.

Назорат қилувчи органлар маҳаллий давлат ҳокимияти органлари билан биргаликда умумтаълим муассасалари фаолиятини текшириш давомида аниқланган қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш ва келгусида йўл қўймаслик ишларида ҳар томонлама кўмаклашади.

2019 йил 1 февралга қадар муддатда Ўзбекистон Республикасида 2030 йилга қадар умумий ўрта ва мактабдан ташқари таълимни тизимли, минтақавий ва мақсадли ривожлантиришнинг устувор йўналишларини, шунингдек, уни амалга ошириш бўйича “йўл харитасини” ўз ичига олган Халқ таълими тизимини ривожлантиришнинг узоқ муддатли концепцияси ишлаб чиқилади.