Шавкат Мирзиёев: “Террорчилик тузилмаларининг Яқин Шарқдан Афғонистонга, МДҲ чегаралари яқинига кўчиб ўтиш тенденцияси кучаймоқда”

    Террорчилик тузилмаларининг Яқин Шарқдан Афғонистонга, МДҲ чегаралари яқинига кўчиб ўтиш тенденцияси кучаймоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Душанбе шаҳрида МДҲ давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида сўзлаган нутқида маълум қилган.

    Унинг айтишича, хавфсизликни таъминлаш, юзага келаётган таҳдидларга ўз вақтида жавоб қайтариш мамлакатлар барқарор тараққиётининг ҳал қилувчи шартидир. Афғонистонда ҳануз давом этаётган қуролли можаро Ҳамдўстликка аъзо мамлакатларнинг аксарияти учун умумий таҳдид бўлиб қолмоқда.

    МДҲ Афғонистон муаммосини сиёсий йўл билан тезроқ ҳал этишга қаратилган халқаро саъй-ҳаракатларда муҳим роль ўйнашга қодир.

    Халқаро терроризм хавфининг тобора ортиб бораётгани жиддий ташвиш уйғотмоқда. Бугунги террорчилик тузилмалари катта молиявий ресурсларга, энг янги ахборот ва техника воситаларига эга, юқори даражада ҳаракатчан ва тезкордир.

    Ҳозирги пайтда уларнинг Яқин Шарқдан Афғонистонга, МДҲ чегаралари яқинига кўчиб ўтиш тенденцияси кучаймоқда.

    Мамлакатларимиз терроризм хавфини ўз вақтида ва самарали қайтариш учун ўзаро келишилган, аввало, олдиндан зарба беришга қаратилган ҳаракатларга тайёр туриши лозим.

    “МДҲ маконида юзага келаётган хавфсизликка қарши таҳдидларнинг ўз вақтида олдини олиш учун таҳлилий ва тезкор ахборот билан мунтазам алмашишнинг амалдаги механизмлари доирасида самарали ҳамкорликни таъминлаган ҳолда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ва махсус хизматлар фаолиятини мувофиқлаштиришни кучайтириш муҳим, деб ҳисоблаймиз”, деди Шавкат Мирзиёев.