Ботиржон Асадов Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси этиб тайинланди

    2018 йил февралидан бери Ўзбекистон ташқи ишлар вазири биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Ботиржон Асадов Ўзбекистоннинг Россиядаги элчиси этиб тайинланди. Ушбу муҳим тайинлов ҳақида Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги (ТИВ) матбуот хизмати хабар берди.

    Daryo.uz’нинг ёзишича, 40 ёшли Асадов 1999 йили Тошкент давлат иқтисодиёт университетини, 2008 йили эса Ўзбекистон Стратегик таҳлил ва истиқболни белгилаш олий мактабини тамомлаган. Меҳнат фаолиятини 2000 йили Ташқи иқтисодий алоқалар вазирлигида бошлаб, 2007 йилгача шу ерда турли лавозимларда ишлаган.

    2007—2012 йилларда Президент ҳузуридаги Хавфсизлик кенгаши девонида етакчи маслаҳатчи, 2012—2013 йилларда ТИВнинг МДҲ, ОДКБ ва ШҲТ билан ҳамкорлик масалалари бўйича бошқармасида бошлиқ, 2013—2015 йилларда Ўзбекистоннинг Хитойдаги элчихонасида маслаҳатчи ва ШҲТ котибиятидаги Ўзбекистоннинг доимий вакили, 2015—2017 йилларда эса Ўзбекистоннинг Жанубий Кореядаги элчиси бўлиб ишлаган.

    2017 йили сенатор этиб сайланган, Сенатнинг Халқаро муносабатлар, ташқи иқтисодий алоқалар, хорижий инвестициялар ва туризм қўмитаси раиси ўринбосари ва Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси ўринбосари лавозимларида ишлаган.

    Ўзбекистоннинг Россиядаги аввалги элчиси Баҳром Ашрафхонов сентябрь ойи бошида «Ўзбекнефтгаз» компанияси бошқаруви раиси вазифасини бажарувчи этиб тайинланган эди.