Ўзбекистон АЭС қурилиши учун энг мақбул майдонни танлади

Навоий ва Бухоро вилоятлари чегарасидаги Тўдакўл кўли яқинидаги ҳудуд Ўзбекистонда атом электр станцияси қурилиши учун энг мақбул майдонча сифатида танланди. Бу ҳақда сешанба куни Ўзбекистон Фанлар академияси Ядро физикаси институти директори ўринбосари Илҳом Содиқов семинар вақтида маълум қилди. Бу ҳақида Газета.uz хабар берди.

Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон биринчи АЭС қурилиши учун пудратчи танлашда Хитой ва Канада компаниялари таклифларини кўриб чиқди, бироқ якунда Россиянинг «Росатом» корпорациясида тўхталди.

«АЭС қурилиши учун энг мақбул майдончани танлаш ишлари март ойида бошланган эди… Бу ишлар 80-йилларда ўтказилган ва Ўзбекистондаги 70 дан ортиқ энг мақбул майдончалар танланган. Март ойи охирида бўлиб ўтган йиғилишда 10 та мақбул майдончадан энг тўғри келадиганларини танлаш керак эди. Улар орасидан Тўдакўл кўли яқинидаги майдончани танладик», — деди у.

Ўзбекистонда АЭС қурилиши зарурияти тўғрисида сўзлар экан, Илҳом Содиқов 2000—2017 йилларда мамлакат ЯИМдаги саноат улуши 2,4 баробарга — 14,1 фоиздан 33,5 фоизга, аҳоли эса 1991 йилдан 64,7 фоизга ошганини таъкидлаб ўтди. Ўз навбатида, аҳоли жон бошига электр энергияси ишлаб чиқариш ҳажми 74,8 фоизга пасайган.

Ҳозирда Ўзбекистон ҳукумати, «Росатом» корпорацияси ва Халқаро атом энергияси агентлиги (МАГАТЭ) атом электростанциясини лойиҳалаштириш, қуриш ва ундан фойдаланиш бўйича келишув устида иш олиб бормоқда.

Тўдакўл сув омбори ҳақида

Kun.uz’нинг ёзишича, Навоий вилояти ҳудудидаги Тўдакўл сув омбори Бухоро шаҳридан 26 км шарқдаги табиий сойликда, Қуйимозор сув омборининг жануби-ғарбида барпо этилган, 1968 йилда ишга туширилган.

Сув омбори 1977 йилда реконструкция қилинган. Тўлиқ ҳажми 800 млн. м³. Сув юзасининг майдони 17,5 км², ўртача чуқурлиги – 4,8 м. Тўғони баландлиги 4 м, максимал сув чиқариш имконияти 46,0 м³/сек. Ўртачўл канали орқали Зарафшон дарёсининг ортиқча сувларини жамғаради, Аму-Бухоро машина канали орқали Амударёдан тўлдирилади. Каналнинг этак қисмидаги ерларни қўшимча сув билан таъминлайди. Туташтирувчи канал орқали Қуйимозор сув омборига сув беради. Тўдакўл сув омбори суви қисман минераллашган, сув омборида балиқчилик хўжалиги бор.

Тўдакўл кўли ва Қуйимозор сув омбори ҳудудида ҳозирда 34 хил ўсимлик ўсади ва улардан 8 тури Ўзбекистон Қизил китобига киритилган, 12 тури эса Марказий Осиё эндемикаси саналади.