USA Today: “Ҳеч ким Чусовитина бўлa oлмайди”

Қатар пойтахти Доҳа шаҳрида спорт гимнастикаси бўйича жаҳон чемпионати давом этмоқда. Ушбу мусобақа спортчилар учун 2020 йилда ўтказиладиган Токио олимпиадаси учун муҳим бўлган рейтинг очколарини тақдим этиши билан аҳамиятли. Ушбу турнирда Ўзбекистон терма жамоаси сафида гимнастика тарихида ўз номини қолдираётган 43 ёшли атлет Оксана Чусовитина ҳам қатнашаяпти. АҚШнинг “USA Today” нашри колумнист Нэнси Эрморнинг Чусовитинанинг спортчилик фаолиятига бағишланган мақоласини эълон қилди.

“Оксана Чусовитина ёш шунчаки рақамлардан бошқа нарса эмаслигининг яққол исботи”, – дея бошланади мақола.

Баъзи рақибларидан ёши деярли уч баробар катта бўлган 43 ёшли спортчи жаҳон чемпионатининг таяниб сакраш машқида финал йўлланмасини қўлга киритди.

Мақола муаллифи Чусовитинанинг айни шу ёшида атлетизм бобида ўсмирлар билан нафақат тенглаша олаётганлиги, балки улкан намуна ҳам бўлаётганини таъкидлайди.

– Бунча иштиёқ қаердан келаётганини билмайман. Лекин менга гимнастика жудаям ёқади. Шу боис мен ҳамон шуғулланишда давом этаяпман, – дея Чусовитинанинг сўзларидан иқтибос келтирилади мақолада.

Муаллиф инсоннинг ёши ўтиб борган сари тананинг эгилувчанлиги ҳам йўқолиб боришини таъкидлайди. “Шунинг учун аёллар гимнастикаси асосан ёш қизлар учун мўлжалланган. Ҳа, Эли Реизмен, россиялик Алия Мустафина каби 20 ёшдан ўтиб ҳам ўз танасини эҳтиёт қилиб, машғулотларга тўғри ёндашиб, ўз ўрнини йўқотмай келаётган атлетлар ҳам йўқ эмас. Аммо 30 ёшдан, борингки, 40 ёшдан кейин ушбу ишни амалга ошириш-чи? Бу шунчаки имконсиз иш. Фақат Чусовитинадан бошқалар учун”, – дейилади мақолада.

Муаллиф ушбу мусобақа Оксана Чусовитинанинг фаолиятидаги 16-жаҳон чемпионати эканлигини таъкидлайди ва бу пайтда унинг кўпчилик рақиблари ҳатто туғилмаганлигини ҳам эслатиб, мисол тариқасида икки карра олимпиада чемпиони Алия Мустафинанинг 1994 йилда туғилганини эслатиб ўтади.

Чусовитинанинг спортчилик фаолияти жуда узоқ йиллардан буён давом этиб келмоқда. У даставвал Совет иттифоқи шарафини ҳимоя қилди. Бирлашган жамоа сафида 1992 йилги Барселона олимпиадасида иштирок этди ва бугун у халқаро мусобақаларда Ўзбекистон терма жамоаси сафида қатнашмоқда. Чусовитинанинг фаолияти якунига етмоқда дейилган кунлар кўп бўлди. Айниқса, сўнгги йилларда ўтказилган жаҳон чемпионатлари ва олимпия ўйинлари унинг фаолиятида энг сўнггиси эканлиги бот-бот таъкидланди. Лекин у айни пайтда Токио олимпиадасига ҳозирлик кўрмоқда.

– Биз аёл кишимиз ва шундай бўлиб қоламиз, – дея Чусовитинанинг сўзларидан иқтибос келтиради муаллиф. – Бизнинг кайфиятимиз доим ўзгариб туради.

Муаллифнинг айтишича, умуман у нима учун фаолиятини тўхтатиши керак? У соғлом, ҳамон ўзининг рақобатбардошлигини йўқотмаган ва энг муҳими ўз ишидан завқланиб яшамоқда.

“Мен спортдан завқланаман”, – дейди Чусовитина.

У фаолиятининг бу қадар узоқ давом этишидан бошқаларнинг қанчалар ҳайратланаётганини билади. Аммо ўзи бунда ҳеч қандай ўзгача ҳолатни кўрмайди. У фақат ўзи севган касб билан шуғулланмоқда.

У ёш рақобатчиларга қандай ёндашмоқда? Унинг терма жамоадаги шериги Сабина Туробова эндигина 16 ёшни қоралади. Сабина Чусовитинанинг 19 ёшли ўғли Алишердан деярли икки ёш кичик. Оксананинг сўзларига қараганда, бунинг ҳеч қандай қийин жойи йўқ.

– Биз мусобақада беллашган вақтимизда ҳаммамиз бир хил даражада бўламиз. Ёшимиз нечада бўлишидан қатъи назар, биз машқларни бир хил услубда бажарамиз, – дейди Чусовитина муаллиф билан суҳбатда.

Нэнси Эрмор мақоласини шундай якунлайди: “Фақат бу ерда ҳеч ким Чусовитинага ўхшамайди. Ҳатто ҳеч ким унинг яқинига ҳам келолмайди”.

“USA Today” ҳафталик газетаси 1982 йилдан буён нашр этиб келинади. Бугунги кунда обуначилари сони 1 миллиондан ортиқ. Газета АҚШнинг 50 та штатидан ташқари Канадада, Осиё, Европа ва Тинч океани мамлакатларида ўзининг шўъбаларига эга.

Матн: Турон24