Ўзбекистон коррупцияга қарши фуқаролардан таклиф сўрамоқда

    Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссияси томонидан давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида коррупциянинг сабаблари ва юзага келиш шарт-шароитларини комплекс бартараф этиш бўйича самарали чора-тадбирларни амалга оширишга йўналтирилган 2019-2021 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйича давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқиш юзасидан иш олиб борилмоқда. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

    Давлат дастури лойиҳаси қуйидагиларни назарда тутувчи 6 та йўналиш бўйича шакллантирилмоқда:

    коррупцияга қарши курашиш соҳасида қонун ҳужжатларини янада такомиллаштириш;

    фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш;

    таълим, соғлиқни сақлаш, ижтимоий таъминот, давлат ва жамият ҳаётининг бошқа соҳаларида коррупциянинг олдини олиш бўйича чора-тадбирлар;

    коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни ўз вақтида аниқлаш, уларга чек қўйиш, уларнинг оқибатларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш;

    коррупцияга қарши курашиш соҳасида ташкилий чоралар, тадқиқотлар ўтказиш, халқаро ҳамкорлик.

    Ҳар бир фуқаро давлат дастури лойиҳасини ишлаб чиқишда иштирок этиши мумкин.

    Бунинг учун, anticorruptionuz телеграм-ботига ўтиш ва коррупция ҳолатлари билан боғлиқ муаммоларни бартараф этишга қаратилган таклифларни тақдим этиш ёки коррупция билан тўқнашилган ҳолатлар хусусида ўз фикрларини билдириш имкони мавжуд.

    Бош прокуратуранинг маълум қилишича, мазкур давлат дастурини тайёрлашда коррупцияга шарт-шароит яратувчи муаммоларни бевосита фуқаролардан ўрганиш алоҳида аҳамият касб этади.

    Шуни қайд этиш керакки, мамлакатда коррупцияга қарши курашиш жараёни амалий ишлар билан бирга олиб борилмоқда. Буни сўнгги бир ой ичида пора олганлик жинояти билан қўлга олинган амалдорлар ҳақида мунтазам ахборот бериб борилаётгани ҳам тасдиқлайди.

    Ҳуқуқшунос блогер Хушнудбек Худайбердиев охирги 1 ойда ҳокимликларнинг пора билан қўлга тушган вакиллари ҳақида ахборотлар дайжестини шакллантирган.

    11 сентябрь – Тошкент шаҳар Юнусобод тумани ҳокими Бахтиёр Абдусаматов қўлга олинган. Айрим манбалар, у инвесторга жой тақдим этиш мақсадида 400 минг АҚШ доллари миқдоридаги пулни талаб қилган дейишди.

    15 сентябрь – Андижон шаҳар ҳокимлиги бош мутахассиси фирибгарлик йўли билан “Жаҳон бозори” савдо комплекси ҳудудидаги бўш турган 60 кв.метр ер майдонини тадбиркорлик билан шуғулланиш учун ажратиб бериш эвазига маҳаллий тадбиркордан 17500 АҚШ доллари талаб қилиб, шундан 16000 АҚШ долларини олаётган вақтда ашёвий далиллар билан ушланган.

    16 сентябрь – Сурхондарё вилоятининг Бойсун тумани ҳокими ўринбосари туман кадастр бўлими мутахассисидан 100 АҚШ доллари пора олаётганида қўлга тушди. Кадастр мутахассиси эса бошқа бир фуқародан 0,30 га лалми ер участкаси ажратиб бериш эвазига 30 миллион сўм олган.

    26 сентябрь – Муборак туман ҳокими ёрдамчиси қурилиш ташкилоти ҳисоб рақамига ажратилиши керак бўлган 302 миллион сўм маблағнинг 7%ини, яъни 21 млн сўмни пора сифатида олаётганда қўлга тушган. У бу пулларни Муборак туман ҳокимлиги молия бўлими бошлиғига бериши кераклигини айтгач, шериги ҳам қўлга олинган.

    29 сентябрь – Наманган вилоятининг Чуст тумани ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Шарофиддин Юсупжонов боғдорчилик фермер хўжалиги ташкил этиш учун 5,3 гектар ер майдони бериш эвазига 2 минг АҚШ доллари талаб қилиб, 1800 долларни олаётган вақтида ушланди.

    5 октябрь – Тошкент вилояти ҳокимлиги Молия бош бошқармаси бошлиғи биринчи ўринбосари Ж.Н. туризм учун ажратилган захира ерлардан 3 гектар майдонни олиб беришни ваъда қилиб, эвазига олдиндан 5000 АҚШ доллари пора олаётганида қўлга тушди.

    7 октябрь – Хива шаҳар ҳокими ўринбосари Ш.О. кадастр бўлими мутахассисидан 2000 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган. Берилган пора эвазига фуқарога 1000 кв. метр ер участкаси ажратиб беришни ваъда қилган.