Ўзбекистонда онлайн олий таълим муассасалари очилади. Бунга 40 миллион доллар жалб қилинади

    Инновацион Ривожланиш вазирлиги ҳамда CityU (Гонгконг), UdacityX MOOC (АҚШ), MOOC Iversity (Нидерландия/Германия), Open Polytechnic (Янги Зеландия) таълим муассасалари билан ҳамкорлик тўғрисида келишув тузилди. Мазкур ҳужжат “Innoweek” Халқаро инновацион ҳафталиги доирасида имзоланган ўнлаб шартнома ва меморандумлардан фарқли равишда масофадан туриб имзоланди. Бу ҳақда Kun.uz хабар берди.

    Бир неча кун аввал бир томонлама имзолаб, почта орқали жўнатилган келишувлар онлайн тарзда Инновацион ривожланиш вазири Иброҳим Абдураҳмонов ҳамда UdacityX таъсисчиси Даниэл Зарецкий томонидан вазирлик ва университет масъуллари иштирокида имзоланди. Ўз навбатида томонлар илғор халқаро таълим стандартлари даражасидаги юқори малакали мутахассисларни тайёрлашни мукаммаллаштириш, олий таълим олиш имкониятларини кенгайтириш, ёшларнинг имкониятларидан кенгроқ фойдаланиш учун шарт-шароитлар яратиш, олий таълим тизимга инновацион усулларни жорий қилиш, шунингдек мазкур соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш мақсадида “Келажак университети”ни ташкил этишга келишишди.

     

    Таъкидлаш жоизки, хорижий ҳамкорлар мазкур лойиҳага 40,0 млн. АҚШ доллари миқдорида инвестиция киритади. Лойиҳа доирасида олий таълим жараёнига илғор педагогик ва ахборот технологияларини, илм-фаннинг энг сўнгги ютуқларини ва техникаларни жорий қилиш назарда тутилган. Бунинг учун электрон ахборотларни ва таълим ресурсларини (ўзбек ва рус тилларига таржима қилинган) ўз ичига олган ҳамда талабалар (йилига 50 минг нафар атрофида) томонидан таълим дастурларини, уларнинг қаерда бўлишларидан қатъий назар, ўзлаштиришларини таъминлайдиган электрон ахборот-таълим муҳитининг ишлаши учун шарт-шароитлар яратилади.

    Ўқиш жараёни шунчаки матнлар ёки маърузаларни кўчириб олишдан иборат эмас, балки босқичма-босқич таълим дастурини ўзлаштиришдан иборат бўлади. Масофадан олий маълумотга олмоқчи бўлган талабалар махсус платформадан фойдаланган ҳолда чуқур билимларни эгаллашади. Мазкур смарт-технология ҳар бир талабанинг ўз ID профили бўлишини талаб этади. Ҳар бир профиль эгасининг юз ҳаракатларидан тортиб, компьютер тугмаларини босиш усулигача бўлган маълумотларни хотирасида сақлайдиган дастур айнан шу талабанинг ўқиш жараёнида иштирок этишини таъминлайди. Бунда талаба бир кунда уч соат вақтини таълимга сарфлаши талаб қилинади. Агар унинг ўрнига бошқа одам платформага кирса, тизим блокланади.

    Талабаларнинг билимлари синовдан ўтказиларкан, уларнинг натижалари Янги Зеландиядаги маълумотлар базасига бориб тушади ва ўша ерда сақланади. Бу ўз навбатида имтиҳон давомида коррупция юзага келмаслигига кафиллик беради. Ундан ташқари, университетнинг бош идорасида ва филиалларида талабанинг шахсини текшириш ва имтиҳонларни топшириш тартибини назорат қилишни таъминлаган ҳолда аттестация имтиҳонлари ўтказилади. Бунда Янги Зеландияда неча йиллар давомида тажрибада синалган тизим жорий этилади.​