Камол Икромов Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консули этиб тайинланди

    Камол Икромов Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги бош консули этиб тайинланди. Бу ҳақида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.

    Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистоннинг Нью-Йоркдаги Бош консулхонаси фаолият худудига АҚШнинг 32 штати, Канада, Мексика ва Марказий Америка мамлакатлари киради.

    Бош консулхона АҚШ, Канада, Мексика каби мамлакатларга доимий яшаш учун ва вақтинчалик (ўқишга, ишлашга ва ҳоказо) келган Ўзбекистон фуқароларини консуллик рўйхатига олиш, уларга керакли ҳужжатларни расмийлаштириб бериш ва тегишли ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш, консуллик ҳудудида яшаётган Ўзбекистон фуқароларининг фуқаролик ҳолатларини қайд этиш – никоҳ, туғилганлик ва ўлим ҳақидаги гувоҳномаларни расмийлаштириш, фуқаролик масалаларига тегишли бўлган ҳужжатлар қабул қилиш, доимий яшаш жойлари (пропискалари) Ўзбекистонда бўлган ҳолатда хорижда вақтинча юрган ва паспортларини йўқотган ёки паспортларининг муддати тугаган фуқароларимизга Ўзбекистонга қайтиш гувоҳномаларини расмийлаштириш,  консуллик ҳудудида истиқомат қилаётган фуқароларимиз учун турли ҳужжатларни, шу жумладан, далолатномаларни нотариал тасдиқлаш, консуллик ҳудудида ҳибсга олинган, судланаётган ва жазо ўтаётган Ўзбекистон фуқароларига нисбатан ушбу хорижий давлат қонунлари ва тегишли халқаро битимлар қўлланишини назорат қилиш, АҚШ, Канада ва бошқа хорижий давлат фуқароларига Ўзбекистонга кириш визаларини расмийлаштириш ва ҳоказоларни бажариб келади.