Шавкат Мирзиёев Германияга 2019 йил январида боради

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 2019 йил январида расмий ташриф билан Германияга бориши кутилмоқда. Германиянинг Ўзбекистондаги элчихонасидан маълум қилишларича, Ўзбекистон Президенти ташриф давомида Германия канцлери Ангела Меркель ва президенти Франк-Вальтер Штайнмайер билан музокаралар ўтказади.

Шавкат Мирзиёев Германияга сафар қилиши ҳақидаги гап-сўзлар 2018 йил май ойида пайдо бўлганди. Ўшанда ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Германия элчиси Гунтер Оверфельд билан олий ва бошқа даражаларда бўлажак Ўзбекистон—Германия учрашувлари жадвали ва кун тартиби юзасидан фикр алмашган эди.

Кейинроқ, сентябрь ойи ўрталарида Ўзбекистон Президенти олмонлар юртига 2018 йилда эмас, балки 2019 йилда сафар қилиши ҳақида хабар берилган эди. «Ташқи ишлар вазири Абдулазиз Комилов Германия ТИВ давлат вазири Нилс Аннен билан айнан шу масала бўйича суҳбатлашган», — дейилганди хабарларда.

Бу Шавкат Мирзиёевнинг Франциядан сўнг иккинчи Европа мамлакатига ташрифи ҳисобланади.